Бухоро тарихидаги карантин

Бухоро тарихидаги карантин

Сизнингча, юртимизда карантин қоидалари оммавий равишда татбиқ этилиши 2020 йилда рўй бердими? Жавоб беришга шошилманг? Тўғри, тарихимизда юқумли касалликларнинг оммавий тарқалиш ҳолатлари бўлган. Вируслар турли асрлар ва йилларда минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлган. Ҳукуматлар, маъмурлар бунга ўз имкониятлари доирасида чоралар қўллаган. Лекин ҳудудимизда олдин ҳам карантин ҳолати эълон қилинган, дезинфекция воситалари қўлланилганми?

Бухорода карантин

Садриддин Айнийнинг “Эсдаликлар” асарини ўқиб, 1893 йилда Бухорода тарқалган вабо пайтида айнан карантин сўзи қўлланилганига гувоҳ бўламиз.

Асарда келтирилган маълумотларга кўра, 1893 йилнинг ёзида Бухорода яна вабо пайдо бўлади. Касаллик бутун Бухорони қамраб олиб, вафот этганлар кўплигидан шаҳар уламолари фатвоси билан марҳумларга оммавий жанозалар ўқила бошлайди.

Садриддин Айнийнинг ёзишича, Бухоро ҳукумати шаҳарга касаллик кириб келишининг олдини олиш мақсадида иккита карантин ўтказиш жойини ташкил этган.

Бухоро ҳукуматининг карантинларидан бири Қарши чўлидаги Четариқ мавзесида, иккинчиси Кармана йўлидаги Хонработ мавзесида ташкил қилинган. Даштларнинг этагида ташкил топган бу жойларнинг ҳар бирида биттадан бухоролик табиб ва амирнинг отлиқ навкарларидан бир гуруҳи турарди, деб ёзади у.

Садриддин Айнийнинг гувоҳлик беришича, ҳудудга бўйрадан махсус капачалар қурилиб, уларнинг ёнларида икки-уч катта мис қозонда сув қайнаб турар, қозонларга қопқоқ ўрнига бўйра ёпиб қўйилган. Навкарлар йўловчиларни тутиб келар, табиблар унинг томирини кўриб, соғлом, деб ҳукм қилар, шундан сўнг йўловчилар кийимларини ечиб, капаларга кирар, бошларига бир челак сув қуяр, маъмурлар уларнинг кийимларини қозон устига ёпилган бўйра устига қўйиб буғлаб берардилар. Аммо йўловчиларнинг чўмилишига шу қозондаги сувдан бериларди.

Шу билан “дезинфекция” маросими тугаб, одамлар буғда намланган кийимларини кийиб, ўз йўлларига қараб кетганлар.

“Касалхона эмас, кушхона”

Маълумотларга кўра, ўша вақтда Когонда яшаган Россия маъмурлари ҳам ўз тасарруфидаги ҳудудда касалхона ташкил қилиб, темирйўл станциясида карантин тартибларини жорий этган.

“Эсдаликлар”да қайд этилишича, ўша вақтда Бухорода биттигина касалхона мавжуд бўлиб, унда битта рус доктор, бир таржимон ва битта қашқарлик фельдшер ишлаган, холос. Вабога қарши касалхона ҳам шулар назорати остида ташкил топган.

Лекин касаллик ўтказиб юборилгани ёки самарали малҳамнинг етарли бўлмаганидан, бу ердаги шифокорлар муолажаларига кўпчилик ишонмаган.

– Шунинг учун Бухоронинг катта бойлари касал бўлиб қолса Чоржўй ёхуд Самарқанддан доктор чақирар эдилар. Агар касаллари сафарга чиқишга монелик қилмаса, мазкур шаҳарларга ўзлари бориб даволанар эдилар, – деб ёзади муаллиф.

Бундан билиш мумкинки, касалхона асосан авом ва камбағаллар учун ишлаган. У ердаги шароитлар, санитария талабларига жавоб бермаган. Асардаги бадиий тасвирга кўра, касалхонанинг “бинолари” бўйра капалар ва оддий чодирлардан иборат бўлиб, булар беморларни на Бухоронинг мияни қайнатувчи офтобидан, на одамни лоҳас қилувчи гармселидан сақларди.

Асардаги воқеалардан яна шуни билиш мумкинки, ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар, шаҳардаги иссиқ ҳарорат, тиббиётга оид тушунчаларнинг етарли бўлмагани касалликнинг тез тарқалишига шароит яратиб, ўлим ҳолатларининг кўплиги аҳоли орасида қўрқув ва ваҳима келтириб чиқарган. 1889 йилнинг июнь ойларида Бухоро шаҳрида тарқалган вабо ҳам минглаб инсонларни ёстиғини қуритган (улар орасида Садриддин Айнийнинг ота-онаси ҳам бўлган), шу боис кўпчилик юқумли касалликнинг қанчалик хавфли эканини яхши тушунган.

Касалликни бартараф этишга Бухоро маъмурлари – қози калон, қушбеги югурдаклари ва миршаблар кенг жалб қилиниб, улар кўчалардан беморларни тутиб келиб, ўша касалхона доктори ва фельдшерига топшира бошлаган.

Аммо касалхона ишга тушган дастлабки ҳафтада бу ерга келтирилган беморлардан бирортасининг тирик чиқмагани, одамлар орасидаги ваҳимани янада кучайтиради.

– Моҳият эътибори билан бу жой касалхона эмас, кушхонанинг ўзи бўлди, – деб ёзади муаллиф.

Натижада, касаллик белгилари кузатилган, касалга йўлиққанлар уйдан чиқмайдиган бўлиб қолади. Адиб бундай одамларни рангги ўчган одамлар, деб таърифлайди. “Ҳолбуки Бухоро халқининг кўпчилиги ранги синиқ одамлар эди”. (С.Айний “Эсдаликлар”).

Асардан билиш мумкинки, бу ҳол одамларнинг қаттиқ норозилига сабаб бўлади. Аҳолининг гуруҳ-гуруҳ амир аркига бориб, фиғон кўтариши натижасида Бухоро амири фуқароларни касалхонага олиб бориш ҳақидаги фармонини бекор қилади.

– Энди вабога қарши бу касалхонанинг вазифаси Россия фуқароларини ўлдириш бўлиб қолди. Бухоро ҳукуматининг икки маъмури, Россия давлатининг сиёсий ваколатхонасининг соқчиларидан икки кавалерист казак ва касалхона тиббий ходимларидан бири кўчама-кўча айланиб, йўлиққан беморнинг ҳужжатларини текшириб, Россия фуқароси эканини аниқлаб, сўнг касалхонага олиб борардилар, – деб воқеани кўзингиз олдида гавдалантиради адиб.

 Бир куни…

“Бир кун мен қуйидаги воқеанинг устидан чиқиб қолдим. Икки нафар Бухоро маъмури ва битта ҳамшира, афтидан, арманига ўхшаш бир аёлни икки отлиқ файтонга босиб касалхона тарафга олиб кетмоқда эдилар. Отлиқ казаклар файтоннинг икки тарафида посбонлик қилиб борардилар. Хотин Мен мусулмон бўлганман, жаноби олийнинг фуқаросиман, деб фарёд қилар ва ўзи шу қадар бақувват эдики, файтонда уч кишининг қўл остидан даст туриб, ўзини файтондан ташламоқчи бўлиб, белидан юқорисини ерга эгиб, кучли қўллари билан ерга тирмашар, отлиқ казак­лар қамчи билан унинг қўли ва бошига урардилар, аммо у бунга ҳеч парво қилмай: Мен мусулмонман, мен жаноби олийнинг фуқаросиман, мени ўлимга олиб боришга ҳақингиз йўқ!, деб фарёд чекарди. (С.Айний Эсдаликлар).

Садриддин Айнийнинг “Эсдаликлар”ини ўқий туриб, ёзувчининг ижтимоий-сиёсий воқеаларни зийраклик билан кузатиб, ўша даврдаги ҳаёт ҳақида қимматли маълумотлар қолдирганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Асарда муаллиф ўша даврнинг энг арзон овқати бўлган нўхат шўрвани ичиб, ўзи ҳам вабо касалига чалинганини, 29 кун мобайнида ҳушсиз ётганини, бир мўйсафид чол уни халқ табобати ёрдамида даволаб, парҳез билан оёққа туришига ёрдам берганини ёрқин тасвирларда ифодалаб беради.

Хуллас юқумли касалликлар ҳам, карантин ҳам бизга бегона эмас. Тўғри, бугунги шароит ва тиббиёт имкониятлари Садриддин Айний яшаган даврдагидан анча юқори. Одамларнинг тиббий билимлари ошган. Лекин вируслардан ҳимояланиш учун бунинг ўзи етарли эмас. Ҳозирча касалликдан сақланиш учун карантин тартибларига риоя қилишдан кўра самарали восита йўқ. Демак, карантин мавзуси ҳамон долзарб.

Дилшод БЎРИЕВ,
журналист
Манба: “Ишонч” газетаси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!