Бўстонлиқда тадбиркор 600 га яқин дарахтнинг "жонига қасд қилди"
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудида дарахтлар қўпориб ташланганлиги ҳақида хабар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ва Бўстонлиқ туман бўлими Экополиция ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жойида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида «Ғазалкент» МФЙ ҳудудида “Y.D.” МЧЖ томонидан 2 гектар ер майдонида жами 586 туп (шундан қимматбаҳо 9 туп дўлана, 3 туп арча, кам қимматли 3 туп тоғ олчаси, 571 туп учқат) дарахт ноқонуний равишда илдиз қисми билан қўпориб ташланганлиги аниқланди.
Таъкидлаш жоизки, ҳолат юзасидан тадбиркорга бир неча бор мурожаат қилинган. Аммо тадбиркор қонуний талабга бўйсунмай, қаршилик кўрсатишга уринган.
Айни дамда Экополиция томонидан ҳуқуқбузарликка чек қўйилди. Махсус техникалар ёрдамида тупроқ остида қолган дарахтлар чиқариб олиниб, табиатга етказилган зарар ҳисобланди. Унга кўра, қонунбузарлик натижасида жами 1 миллиард 705 миллион 660 минг сўм зарар етказилганлиги ҳисобланди.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.
