Бунисига нима дейсиз? Деновда келин қайнонасини дўппослади

Бунисига нима дейсиз? Деновда келин қайнонасини дўппослади

Қайнонанинг хизматини қилиб, дуосини олиш ўрнига уни уриб, кўнглини ранжитган келиннинг ота-онаси, фарзандлари энди маҳаллада қандай бош кўтариб юради?

Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар айрим ҳудудларда юз бериши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиб, содир этилган жиноятларни ўз вақтида аниқлашга хизмат қилаётир. Кўплаб ҳуқуқбузарларни соғлом ҳаётга қайтармоқда. 

Бироқ айримларнинг арзимас баҳона сабаб, ёки ичкилик оқибатида жанжал чиқариб, қўни-қўшниси, яқинлари, таниш-билишларига қасддан шикаст етказаётгани, маҳалла-куйда жиноятчи, деган ном орттираётгани аянчлидир.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоятида умумий жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган. Жиноят содир этилмаётган маҳаллалар сони ҳам кенгаймоқда. 

Лекин баданга қасддан оғир, ўртача даражада шикаст етказиш жинояти кўпайгани қайд этилди. Масалан, Шеробод туманининг “Меҳнатобод” маҳалласида яшовчи ишсиз ўттиз ёшдаги А.Ёмғиров (исм-шарифлар ўзгартирилди) 42 ёшдаги маҳалладоши Ф.Нолиевни “томорқамдаги бедани ўриб, пайҳон қиляпсан” деб, қўлидаги ўроқ билан дуч келган жойига уриб, унинг ҳаёти учун хавфли тан жароҳатини етказади. Ахир, қачондан буён томорқадаги беда инсон ҳаётидан, аждодларимиз улуғлаб келган меҳр-оқибат, муроса каби хислатлардан азиз бўлиб қолди? Ёки А.Ёмғировнинг бу хатти-ҳаракати дунё аҳли ҳавас қиладиган миллий қадрият ва урф-одатларимизга ярашадими?

Ангор туманидаги “Зартепа” маҳалласида содир бўлган мана бу ҳодиса ҳам одамни чуқур мушоҳада юритишга, спиртли ичимликларнинг салбий оқибатларидан тўғри хулоса чиқаришга ундайди. Яқинда 56 ёшдаги С.Ярашев ўз уйида маҳалладоши 57 ёшдаги Қ.Мўталов билан спиртли ичимлик истеъмол қилади. Ширакайф бўлгач, мезбон ҳам, меҳмон ҳам ёшлик даврини қумсаб қолади. Куч синашмоқчи бўлади. Хонада ўзаро кураш тушаётганида бир-бири билан тортишиб қолади. Шу пайт С.Ярашев ҳовлига чиқиб, тандир ёнида турган темир косов билан “меҳмони”нинг юз соҳаси ва тана аъзоларига уриб, оғир тан жароҳати етказади. Соч-соқолига оқ, юзига кексалик ажини тушган бу кимсаларнинг фарзандлари, невараларига, маҳалла ёшларига ибрат бўлиш ўрнига спиртли ичимлик таъсирида юзи шувут бўлганини, маҳалла-куйга “томоша” кўрсатганини қандай тушуниш мумкин? 

Термиз шаҳрида яшовчи 26 ёшдаги С.Турдиев Қумқўрғон тумани “Сурхон соҳили” маҳалласида яшовчи онасидан ҳол-аҳвол сўраш учун унинг уйига борганида онаси билан ажрашиб кетган шу маҳаллада яшовчи отаси Т.Низомов жанжал чиқаради. Шу пайт Термиздан борган ўғли стул билан отасининг бош ва бадан соҳаларига уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказади. Ҳаётда адашган ота билан онани яраштириб қўйиш, низо ва тортишувларига барҳам бериш ўрнига ўғилнинг отани роса дўппослаганини қандай тушуниш мумкин? Бу С.Турдиевга болаликдан тўғри тарбия берилмаганининг, уйдаги жанжал таъсирида улғайганининг аянчли оқибати эмасмикан?

Денов туманидаги “Чим” маҳалласида яшовчи 56 ёшдаги О.Қозиеванинг қўл ва бадан соҳасига ўзи билан бирга яшовчи келини Н.Чориева дўппослаб, ўртача оғирликда тан жароҳати етказганини қандай тушунса бўлади? Қайнонанинг хизматини қилиб, дуосини олиш ўрнига уни уриб, кўнглини ранжитган келиннинг ота-онаси, фарзандлари маҳаллада қандай бош кўтариб юради? Бу ҳақда эса Н.Чориева қайнонасига тан жароҳати етказиб, жиноятга қўл уришдан аввал ўйлаб кўриши лозим эди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. 

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!