Бош прокуратура: энергоресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилади ва жазо таъминланади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев электр энергетикасини 2025-2035 йилларда ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича муҳим топшириқлар берди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штаби изчил фаолият юритмоқда.
Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов ўтказган Республика штабининг кенгайтирилган йиғилишида эса Энергетика ва Ички ишлар вазирликлари, Департамент, “Ўзэнергоинспекция”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ҳудудгазтаъминот” жамиятлари ва уларнинг ҳудудий тузилма раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари ҳамда прокурорларга бу борада қилиниши зарур бўлган ишлар бўйича тушунтириш берилди.
Шундан кейин Ш.Аминов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар ҳамда Сергели ва Янгиҳаёт тумани штаблари фаолияти ўрганилди.
Ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда энергоресурсларни иқтисод қилиш, қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳволи танқидий муҳокама қилиниб, штаб аъзоларига раҳбарий кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, иқтисод қилишнинг қўшимча манбаларини аниқлаш, реактив батарея ўрнатиш бўйича улгуржи истеъмолчига ёзма кўрсатма бериш, икки босқичлига ўтказиш, ностандарт газ ёндиргичларни алмаштириш бўйича ойма - ой график ишлаб чиқиш, йирик истеъмолчиларда энергоаудит ўтказиш юзасидан топшириқлар берилиб, ижроси ишчи гуруҳ томонидан алоҳида назоратга олинди.
Шу билан бирга, прокуратура органлари томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этишга қаратилган тадбирлар ҳам давом эттирилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “S.T.” масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахслари ва бошқалар жамиятга қарашли контейнерга 40 дона майнинг қурилмаларини ўрнатиб, қонунга зид равишда майнинг фаолияти билан шуғулланиб келиши оқибатида 2,1 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жамият мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги “B.B.B” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.С. жамиятга қарашли бинода ташкил қилинган оҳак цехига ўрнатилган электрон ҳисоблагичнинг тамғасини бузиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 5,3 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этишга қаратилган кучайтирилган рейд тадбирлари давом этмоқда.