Босар-тусарини билмаган ҳайдовчи катта жаримага тушди
Бухоро марказий кўчаларидан бирида кўзгусимон ва қорайтирилган ойнали, шунингдек, теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситасидан рухсатсиз фойдалангани етмагандай, огоҳлантиришларга қарамай, кетма-кет қоидабузарликларга йўл қўйган ҳайдовчига чора кўрилди.
Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи капитан Улуғбек Шукурлаевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ҳайдовчи Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг бир нечта моддалари билан жавобгар, деб топилган ва 9,5 миллион сўм жаримага тортилган.
Ҳолатга кўра, «Lacetti» русумли 80 F 212 SA давлат рақам белгили транспорт воситаси белгиланган қоидаларга амал қилмай, ўзига тегишли бўлган давлат рақам белгисини ечган ҳолда ҳаракатланган. Йўл патрул хизмати инспектори томонидан тўхташ ишораси кўрсатилган. Лекин ҳайдовчи тўхташ ишорасига бўйсинмай, орқага қайтган ва оқимга қарама-қарши ҳаракатланган. У ушбу хатти-ҳаракати давомида навбатдаги йўл патрул хизмати инспекторининг ҳам ишорасига бўйсинмасдан беписандлик қилган. Шу ҳолатда бошқа бир «Спарк» автоашинасига техник шикаст етказиб, навбатдаги қоидабузарликка йўл қўйган бўлса-да, яна ҳаракатдан тўхтатмаган.
Йўл патрул хизмати ходимларининг олиб борилган тезкор ҳаракати эса «учар» ҳайдовчини тўхташга мажбур қилган. Бу каби қўпол қоидабузарлик ҳолатини содир этган ҳайдовчи билан воқеа жойининг ўзида юзланилган.
«Инспекторларнинг огоҳлантирувига қарамасдан, тўхташ ишорасини менсимасдан бир қоидабузарлик устига кейинги қоидабузарликни содир этиб, оқимга қарама-қарши ҳаракатланган ҳайдовчига нисбатан чора қўлланилди. У икки-уч дақиқа давомидаги ўта қўпол бебошлиги оқибатида 9,5 миллион сўм жаримага тортилди. Бу ерда гап жаримада эмас, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйиб, устига устак инспектор ходимларига беписанд қараган ҳайдовчининг қилиқларини оқлаб бўлмайди. Ҳар бир содир этилган ҳолатнинг оқибатии ўйлайлик. Ҳаракатингиз ўзингизга тескари ишласа, бу бизга ҳеч қачон фойда бермайди», — деди Улуғбек Шукурлаев.