Bloomberg: АҚШ зарбалари Эроннинг ракета ва дрон салоҳиятини йўқ қила олмади
Ғарб разведка манбалари баҳолашига кўра, АҚШ ва Исроилнинг бир неча ой давом этган ҳужумларига қарамай, Эрон ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқариш инфратузилмасининг салмоқли қисмини сақлаб қолган. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар берди.
Манбалардан бирининг таъкидлашича, Эронда ҳали ҳам катта миқдорда баллистик ва кемаларга қарши ракеталар захираси мавжуд. Мамлакат қисқа муддат ичида улар сонини ошириш имкониятига ҳам эга.
Бу баҳолар АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг маъмурияти вакилларининг Эрон ҳарбий салоҳияти бутунлай йўқ қилингани ҳақидаги баёнотларига зид келади. АҚШнинг уруш вазири Пит Ҳегсет ҳам 30 сентябрда Эроннинг ҳарбий саноат қувватлари ва мудофаа инфратузилмаси тўлиқ бартараф этилганини даъво қилган эди.
Оқ уй эса разведка манбаларининг баҳоларига қўшилмади. Маъмурият матбуот котиби Анна Келлининг таъкидлашича, АҚШ операциялари Эроннинг ядровий объектлари, баллистик ракеталар ишлаб чиқариш қувватлари ва денгиз ҳарбий салоҳиятининг бир қисмини йўқ қилган.
Bloomberg маълумотларига кўра, жанглар бошланганидан бери Эрон минглаб ракета ва дронларни қўллаган. Таҳлилчилар буни мамлакатнинг ҳали ҳам амалий ҳарбий салоҳиятга ва қурол ишлаб чиқариш имкониятларига эга эканининг белгиси сифатида баҳоламоқда.
«Тинч океани форуми» таҳлил марказининг катта илмий ходими Уильям Алберкнинг қайд этишича, Эрон сўнгги йилларда қанотли ва кемаларга қарши ракеталарнинг катта захирасини тўплаган ҳамда уларни ҳимояланган жойларда сақлаган. Шу боис ҳозиргача намойиш этилган имкониятлар мамлакатнинг ҳақиқий ҳарбий салоҳиятининг фақат бир қисмини акс эттириши мумкин.
Буюк Британия Қироллик бирлашган мудофаа тадқиқотлари институти илмий ходими Сиддҳарт Каушал ҳам Эронда кемаларга қарши ракеталарнинг катта захираси сақланиб қолган бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бундай ракеталарни ишлаб чиқариш нисбатан осон ва ишлаб чиқариш линияларининг катта қисми мамлакатнинг ўзида жойлашган.
Мутахассис, шунингдек, Эрон жанубидаги географик шароитлар ҳарбий объектларни ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун табиий пана жойлар яратишини қайд этди.
