Биологлар Ердаги тирик мавжудотларнинг ягона атласини яратишмоқчи

Биологлар Ердаги тирик мавжудотларнинг ягона атласини яратишмоқчи

Замонавий илм-фаннинг юқори даражада ривожланганлигига қарамай, Ернинг сайёрадаги барча тирик мавжудотларни ўз ичига олган ягона таксономик атласи мавжуд эмас.

Бундай атласнинг яратилиши, биологларнинг таъкидлашича, нафақат турларнинг қайта кашф қилиниши билан боғлиқ бўлган чалкашликларни бартараф этади, балки бошқа кўплаб илмий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.

“Масалан, Ердаги барча ҳаёт вакилларининг ягона атласи табиат ва иқлим, шунингдек, озиқ-овқат савдоси билан боғлиқ халқаро шартномаларни тузишда жуда фойдали бўлади. Шунигдек, олимлар яратишни таклиф қилаётган глобал каталогнинг бошқа афзалликлари ҳам бор, деб ёзади PLOS ONE.

“Ердаги ҳаётнинг барча турларини рўйхатини тузиш одатий вазифа бўлиб туюлиши мумкин, аммо, аслида, бу жуда мураккаб лойиҳа. Бугунги кунда дунёда ягона қабул қилинадиган таксономик атлас мавжуд эмас. Ҳайвонлар ва қушлар учун бир нечта шунга ўхшаш каталоглар бор, аммо, масалан, ўсимликлар ва бошқа жонзот гуруҳлари учун битта рўйхат йўқ”, дейди Чарлз Дарвин номидаги Австралия университети профессори ҳамда ушбу лоҳиянинг ташаббускор муаллифларидан бири Стивен Гарнетт.

Сайёрадаги барча тирик мавжудотларнинг атласини тузишдан олдин, бутун дунё олимлари каталог ташкил этилишига асос бўла оладиган асосий принципларга эга бўлган ҳужжат яратишни таклиф қилишмоқда.

Стивен Гарнеттнинг таъкидлашича, шундай принциплар сони айни кунда ўнта бўлиб, ушбу ғоя Халқаро Биология фанлари иттифоқи каби нуфузли ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Эндиликда ушбу ташаббусни Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ҳамда Ёввойи фауна ва флоранинг йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган турларнинг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция котибияти қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!