Байрам Менек: "Ўзбекистон ва Туркиянинг ўхшаш қадриятлари кўп"

Байрам Менек: "Ўзбекистон ва Туркиянинг ўхшаш қадриятлари кўп"

Туркия давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан Истанбулга саёҳатга чиқдик. Бу саёҳат бизда жуда катта таассурот қолдирди. Энг муҳими, ўзбек-турк қардошлиги мустаҳкам эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Айниқса, Истанбулдаги "Лалели" бозоридаги ҳолат бизни қувонтирди.

Бозорни айланар эканмиз, дўконлардан бирига кирдик. Ўзбекистондан келганимизни, бозордаги нарх-навони ўрганмоқчи эканлигимизни айтдик. Шунда биз билан гаплашган сотувчи ичкарида ўтирган одамга ишора қилди: "У дўконнинг эгаси. Ўша билан гаплашинг". Хўп дедик ва ўзини Байрам Менек деб таништирган кишига юзландик.

— Биз дўконингиздаги нарх-наво ҳақида билмоқчи эдик. Ўзбекистондаги нарх билан солиштирмоқчимиз, кейин сизга бир-иккита саволларимиз бор, — деб юзландик унга.

— Бемалол, марҳамат, — дея рози бўлди Байрам оға табассум билан. — Хўш, айнан нима ҳақида билмоқчисизлар?

Байрам Менек дўкон эгаси эканлигини айтиб, Ўзбекистон ҳақида сўзлай кетди. Тошкентга келганини, биздаги урф-одатлар унга ёққанини таъкидлади. Самарқанд нонини билишини ва севиб истеъмол қилишини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда дўстлари ва ҳамкорлари кўплигини айтди.

— Ўзбекистондаги урф-одатлар менга жуда ёқади. Туркияники билан жуда ўхшаш. Ўзбекистонга борганимда, айниқса, сизнинг таомларингизни севиб истеъмол қиламан. Паловни, айниқса. Яна бошқа миллий таомларингиз ҳам ёқади. Телеминорага чиққанман. Менга жуда ёққан. Яна Ўзбекистонга сафар қилиш ниятим бор, — дея фикр билдирди Байрам Менек.

Байрам оғанинг дўконида ўтган ярим соатчалик вақтимиз бизга бир олам таассурот ва илиқлик улашди. Рости, чет давлатларда ва ҳатто ўз юртингда ҳам бундай хушмуомала одамни учратавермайсан. Байрам оға билан хайрлашар эканмиз, албатта, Ўзбекистонга яна бориши кераклигини таъкидладик. Ва, албатта, биз унга ўзиникидан-да меҳрлироқ муносабатда бўламиз. Токи қардош халқлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат мустаҳкамланаверсин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!