«Барса» Неймарни таклиф этмасликка қарор қилган

«Барса» Неймарни таклиф этмасликка қарор қилган

Неймарнинг «Барселона»га қайтиш хоҳишига қарамай, Каталония клубининг бу трансфердан воз кечгани сабаблари маълум бўлди.

Diario Sport хабарига кўра, «Барса» раҳбарияти учта сабаб туфайли Неймарни таклиф этиш фикридан қайтган.

Биринчи сабаб – молиявий фэйр-плей. Неймарнинг «ПСЖ» билан ҳали келишуви борлиги сабабли, Каталония клуби Париж жамоасига трансфер пули тўлаши лозим. Қолаверса, клуб бразилиялик ўйинчини Ла Лигада рўйхатдан ўтказишга ҳеч қандай кафолат бера олмайди.

Иккинчи сабаб – Неймарнинг жароҳатларга мойил экани. 31 ёшли ҳужумчи ўтган мавсумларнинг муҳим палласида жароҳатлар гирдобида қолгани клуб бу трансферни рад этишининг сабабларидан бири бўлган.

Учинчи сабаб – Неймарнинг ҳаёт тарзи. Бразилиялик ҳужумчининг маишатларга ўчлиги, турли базм ва оқшомларнинг асосий ташкилотчисига айланиши жамоадаги муҳитни бузишидан клуб хавфсираган.

Аввалроқ, Неймар «Барселона»га қайтиш учун маоши камайишига ҳам рози экани ҳақида хабар қилинганди. «МЮ» ҳам Неймарнинг шу жиҳатлари сабабли трансферга қизиқиш билдирмагани айтилган эди.

Бразилиялик ўйинчи парижлик мухлислар билан муносабати совуқлашгани сабабли ҳам жамоани тарк этмоқчи. Клуб уни кетма-кет иккинчи мавсум трансферга қўйган бўлса-да, ҳозирча харидор топа олмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Неймар 2017 йил «Барса»дан рекорд - 222 млн евро эвазига «ПСЖ» сафига ўтган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!