БААнинг марҳум президенти хотирасига эҳтиром кўрсатилди

БААнинг марҳум президенти хотирасига эҳтиром кўрсатилди

13 май куни БАА Президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён дунёдан кўз юмди. Бугун Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти марҳум давлат раҳбарининг вафоти юзасидан БААнинг Ўзбекистондаги элчихонасига ташриф буюриб, Амирлик халқига чуқур ҳамдардлик изҳор қилди.

Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ва унинг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимовни БААнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Саид Матар Султон Ал Сири Ал Камзи қарши олди. Мутасаддиларимиз суҳбат давомида Шайх Халифанинг узоқ йиллар давомида ўз юртини ҳалоллик ва адолат билан бошқаргани, айниқса, мамлакатда спорт ривожига алоҳида эътибор қаратганини хотирлашди.

Шундан сўнг Адҳам Икрамов элчихонага ўзининг ҳамдардлик тилакларини ёзиб қолдирди:

“Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси БАА Президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён вафотидан чуқур қайғуда.

Шайх Халифа ҳалол инсон, адолатли раҳбар бўлиб, бутун умрини халқига хизмат қилиш, давлатини юксалтиришга бағишлади. Шундай қайғули вақтда биз марҳумнинг оиласи ҳамда БАА халқи билан биргамиз. Улар учун дуодамиз!

Чуқур ва самимий ҳамдардлигимизни қабул қилинг”.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!