Наманган вилоятининг 2025 йилдаги бюджети тасдиқланди
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ навбатдаги тўртинчи сессиясида сенаторлар, депутатлар, молия ва солиқ идоралари раҳбарлари иштирокида вилоят бюджети параметрлари кўриб чиқилди.
Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг 2024 йилдаги ижроси ҳамда 2025 йилга мўлжалланган лойиҳалари тўғрисида вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Музаффар Абдуллаевнинг ахбороти тингланди.
Қайд этилганидек, Наманган вилояти бўйича бюджет даромадлари 2024 йил прогноз кўрсаткичлари 4 триллион 3 миллиард сўм миқдорида белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 4 триллион 163 миллиард сўмга ёки 104 фоизга бажарилиб, бюджетга қўшимча равишда 160,0 миллиард сўм тушум таъминланди. Маҳаллий бюджет даромадларига 3 триллион 266 миллиард сўмга прогноз кўрсаткичлари белгиланган бўлиб, амалда 3 триллион 429 миллиард сўмга ёки 105 фоизга ижро этилмоқда.
“2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга асосан Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг 2025 йил учун даромадлари 3 триллион 942,8 миллиард сўм, харажатлари эса 6 триллион 171,2 миллиард сўм миқдорида прогноз қилинмоқда. Республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 2 триллион 228 миллиард сўм миқдорида белгиланмоқда.
2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да Наманган вилоятининг таълим масканлари, тиббиёт муассасалари объектларини лойиҳалаштириш, қурилиш ва реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга доир харажатлар вилоят маҳаллий бюджетидан молиялаштирилади.
Вилоят бюджети умумий харажатларининг 67,9 фоизи, яъни 4 триллион 189 миллиард 600 миллион сўмни ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадларига йўналтириш режалаштирилган. Ижтимоий харажатларнинг аксар қисми таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилиши кутилмоқда.
Жумладан, мактабгача таълим йўналишига 345,1 миллиард сўм ёки 2024 йилга нисбатан 111 фоиз, таълим соҳасига 608,4 миллиард сўм ёки 106 фоиз, тиббиётга 2 триллион 709 миллиард 200 миллион сўм ёки 119 фоиз кўп режалаштирилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Ташаббусли бюджет” дастури платформасида фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни танлаб олиш бўйича овоз бериш якунларига кўра, Наманган вилоятидан 387 та лойиҳа ғолиб, деб топилиб, уларда илгари сурилган хайрли мақсадларни амалга ошириш учун 451,1 миллиард сўм ажратилди. Бу ишлар 2025 йилда ҳам давом эттирилиб, “Фуқаролар ташаббуси” жамғармаси ҳисобидан 494 миллиард сўм йўналтириш кутилмоқда.
Сессия ишида, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг “Наманган вилоятининг 2025 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги тегишли қарори қабул қилинди.
Сессияда қатнашган Наманган вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Шавкат Абдураззоқов давлат томонидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ҳамда масъулиятни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.