АҚШ суди “Америка Овози” ходимларини ишдан бўшатишни вақтинча тўхтатишни буюрди

Федерал судя Пол Откен Доналд Трамп маъмуриятига “Америка Овози”нинг (Voice of America) ёпилиши жараёнини тўхтатишни буюрди.
"Маъмурият Конгресс томонидан молиялаштирилган “Америка Овози” ва унга боғлиқ дастурларни бир томонлама тўхтата олмайди. Шунингдек, молиялаштиришни тўхтатиш қарорини ҳам Конгресс тасдиқлаши керак", дея суд қароридан иқтибос келтиради Reuters агентлиги.
Суд қарорида “Америка Овози” ишини қайта тиклаш талаби мавжуд эмас, бироқ ходимларни ишдан бўшатишни тақиқловчи банд бор. Бу тақиқ суд ушбу иш бўйича якуний қарор чиқаргунча амал қилади. Суд, хусусан, “Америка Овози” ёпилиши “асосли ёки ўзбошимчалик билан” амалга оширилганини текширади.
“Америка овози” ходимлари 31 мартдан бошлаб меҳнат шартномалари бекор қилинишини билдирган хатлар олгач, АҚШ конституциясидаги сўз эркинлиги ҳуқуқининг бузилиши юзасидан судга даъво аризаси топширган эди.
14 март куни Трамп етти федерал агентлик ходимлари сонини максимал миқдорда қисқартириш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Ушбу агентликлар қаторига “Америка Овози” ва “Озодлик радиоси” фаолиятини назорат қилувчи АҚШ Глобал Медиа Агентлиги (USAGM) ҳам киради.
Бундан аввал бошқа бир судя “Озодлик радиоси”ни ёпиш жараёнини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарган эди.