Афғонистон чегарасида пахта терими бошланди

Афғонистон чегарасида пахта терими бошланди

Ангор туманидаги Новшаҳар маҳалласи Сурхондарё вилоятининг Афғонистон билан чегарасида жойлашган. Маҳалладаги 1 минг 58 оилада 3 минг 880 дан ортиқ туркман, ўзбек, рус, татар, тожик, қозоқ миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади.
Кўп миллатли чегара ҳудудда битта маҳалла гузари, 11 та савдо дўкони, битта оилавий қишлоқ врачлик пункти аҳолига хизмат кўрсатмоқда. 11 та иссиқхона мавжуд. Маҳалла аҳли 786 деҳқон ва тўртта фермер хўжалигида деҳқончилик, чорвачилик, асаларичилик, паррандачилик билан шуғулланади.

Шу кунларда ҳудудда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиштириб олиш қизғин паллага кирди.

Жорий йилда Ангор туманидаги “Angor Surxon G’ururi” пахтачилик-тўқимачилик кластери 4 минг 659 гектар майдонда ғўза парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Кластер деҳқонлари Новшаҳар маҳалласи ҳудудидаги қарийб 484 гектар майдонда ҳам пахта етиштирди. Айни кунларда ҳосил йиғим-терими уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.


Новшаҳарлик Гуландом Нурова бошчилик қилаётган отряд ўз сафига 70 га яқин теримчини бирлаштирган. Мавсумнинг дастлабки кунларидан улар шижоат билан меҳнат қилиб, Афғонистон билан чегарада жойлашган майдонлардаги ҳосилни тез, сифатли териб, йиғиб олмоқда. Ижтимоий тармоқларда қўшни афғон-ўзбек чегараси ҳақида турли хабарлар берилаётгани ҳам қўшни мамлакат билан чегарада яшаб, деҳқончилик қилаётган аҳоли ҳаёти кўпчиликда қизиқиш уйғотаётгани сир эмас.

– Мен Новшаҳар маҳалласида яшайман, – дейди отряд раҳбари Гуландом Нурова. –Уйларимиз Афғонистонга яқин. Лекин, ҳеч қандай хавф йўқ. Жанжал йўқ. Мана пахта терими ҳам бошланди. Олтмиш-етмиш теримчим бор. Кунига 80-90 килограммдан пахта теряпмиз. Кластер иссиқ овқатларимизгача беряпти. Ҳеч қандай камчилик йўқ. Бундан бир ой аввал ўқ овозини эшитган эдик. Лекин, ҳозир ҳамма нарса жойида. Тинч яшаяпмиз. Чегарамиз осуда.

Жорий йилда 5 минг 651 гектар майдонда пахта етиштираётган ангорлик миришкорлар ҳосилни тез кунларда йиғиштириб олиш учун 184 та отряд ташкил этди. Теримнинг илк кунларида 70 та отрядга бирлашган тўрт мингга яқин теримчи ҳосилни йиғиштириб олишга киришди. Бу йилги мавсумда пахта парваришлаган “Angor Surxon G’ururi” пахтачилик-тўқимачилик кластери ва 22 та фермер хўжалиги йиғим-терим мавсумига ҳар куни ўн икки мингдан ортиқ теримчи жалб этишни мўлжалламоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!