2019-2023 йилларда 77 нафар спортчининг келишилган ўйинлардаги иштироки аниқланган

2019-2023 йилларда 77 нафар спортчининг келишилган ўйинлардаги иштироки аниқланган

Баъзан республика ва халқаро спорт мусобақаларида, футбол ўйинларида адолатсиз қарор чиқарилгани, ҳакамларнинг қайсидир спортчи ёки жамоага «сотилгани» ҳақидаги гап-сўзлар қулоғимизга чалинади. Томошабинлар, айниқса, футбол ишқибозлари ҳакамларнинг бир томонга ён босганини, атайлаб адолатсизлик қилгани яққол сезилганини муҳокама қилишади.

Спорт соҳасидаги бу каби кўнгилни хира қиладиган коррупция ҳолатлари соҳада адолатлилик бузилишига сабаб бўлади. Маълумотларга қараганда, юртимизда 2019-2023 йилларда 30 нафар футболчи ва ҳакамлар, 8 нафар мураббий, 7 нафар футбол клублари раҳбари ва 2 нафар футбол клуби маъмурияти ходими – жами 77 нафар спортчининг келишилган ўйинларда иштирок этгани аниқланиб, тегишли чоралар қўлланилган.

Спортдаги коррупция ҳолатлари, биринчи навбатда, спортчилар, ҳаваскорлар, миллионлаб томошабинларнинг соҳага иштиёқи, ишончи йўқолишига сабаб бўлади. Минглаб ёшларни профессионал спортга жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётган бир вақтда коррупциявий ҳолатлар спортни ривожлантиришга тўсиқ бўлади, тенг ҳуқуқлилик принципи, адолат тамойилларининг бузилишига олиб келади.

Эндиликда бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчилигимизда жиноий жавобгарлик масаласи кўзда тутилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси тегишли моддалар билан тўлдирилиб, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши ҳамда спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Ушбу тартибларни ўз ичига олган «Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни пайтда парламент қуйи палатасида кўриб чиқилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун лойиҳаси билан миллий қонунчилигимиз замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда янада такомиллашади. Соҳада коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шаклланади, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади. Пировард натижада эса спорт соҳасида ҳалоллик, одиллик таъминланади, ёшларнинг, ота-оналарнинг спортга бўлган қизиқиши, иштиёқи ошади.

Шу ўринда эътироф этиш лозимки, юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш, мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Охирги икки йилда спортни ривожлантириш бўйича 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Сўнгги беш йилда эса соҳага қарийб 4 триллион сўм маблағ ажратилди.

Буларнинг барчаси ёшларни спортга кенг жалб қилиш, нуфузли халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини, шаънини баланд кўтариб келаётган машҳур спортчиларимиз сафларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Ана шундай қувонарли натижалар бардавом бўлишида спорт соҳасидаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, адолатсизликларни бартараф этиш долзарб аҳамиятга эга.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!