Япония яна Россия нефтини сотиб олди
Эрондаги уруш глобал энергия таъминотини издан чиқариб, Ҳўрмуз бўғози ёпилгач, Япония илк бор Россиядан хом нефть сотиб олди. Бу ҳақда мамлакат Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлигига таяниб The Моscоw Times хабар берди.
Япония 2022 йилда Украинага босқин бошлангач, Россия нефтини сотиб олишни деярли тўхтатганди. Бироқ мамлакат вақти-вақти билан импортни давом эттирди, охирги марта 2025 йил ёзда харид амалга оширилганди.
Ҳозирда Ҳўрмуз бўғози ёпилгани сабабли жаҳон иқтисодиёти қийин аҳволга тушиб қолган. Шу сабабли Токио ҳукумати муқобил энергия манбаларини қидиришга мажбур бўлмоқда. Mainichi газетасининг ёзишича, Япониянинг Taiyo Oil нефтни қайта ишлаш компанияси Россиянинг Узоқ Шарқидаги Сахалин-2 лойиҳаси орқали юкни қабул қилишни режалаштирмоқда.
Ушбу лойиҳанинг акциядори Россиянинг “Газпром” компаниясидир. Шунингдек, Япониянинг Mitsui ва Mitsubishi савдо уйлари ҳам бунда озчилик улушига эга. Хабарда айтилишича, юк Япония ғарбидаги Эҳиме префектурасида жойлашган терминалга етиб келиши кутилмоқда.
Сахалин-2 лойиҳасидан нефть сотиш бўйича АҚШ томонидан берилган рухсатнома муддати июнь ойида тугайди. Ушбу лойиҳа асосан суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаради.
Япония Яқин Шарқдан келадиган нефть ўрнини қоплаш учун бошқа чораларни ҳам кўрмоқда. Хусусан, блокадага тушган Ҳўрмуз бўғозини четлаб ўтадиган АҚШ ва бошқа экспортчи давлатлардан импорт ҳажмини оширган.
Япония 2025 йилда ўзига керакли хом нефтнинг 94 фоизини Яқин Шарқдан импорт қилган. Март ойида, АҚШ санкцияларни ечгани ҳақида қарор чиқаргач, Токио Россия нефтини сотиб олишни кўриб чиқишини маълум қилганди.
Глобал таъминотдаги узилишлар фонида бошқа бир қатор Осиё давлатлари ҳам Россия нефтини сотиб олишни бошлади. Булар орасида Филиппин, Индонезия ва Жанубий Корея каби мамлакатлар бор.
