USAID ўрнига янги бюро: АҚШ ташқи ёрдам тизимини кескин қисқартирмоқда
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти хорижий гуманитар ёрдам тизимини тубдан ўзгартиришга киришди. Бу ислоҳотлар доирасида USAID фаолияти қисқартирилиб, унинг ўрнига янги тузилма яратилиши режалаштирилмоқда.
Маълум қилинишича, Давлат департаменти яқин кунларда Фавқулодда вазиятлар ва гуманитар ёрдам бюроси ташкил этилишини эълон қилади. У ерда 200 нафардан ортиқ ходим ишлайди. Бу эса илгари USAID доирасида ишлаган 10 мингдан ортиқ мутахассисларга нисбатан жуда кам кўрсаткич ҳисобланади.
Сўнгги йилларда АҚШнинг халқаро ёрдам маблағлари кескин камайди. Жумладан, 2023 йилда USAID орқали тахминан 43 млрд доллар йўналтирилган бўлса, ушбу мақсадлар йўлида 2025 йилда тахминан 5,4 млрд доллар сарфланган. Бу ўзгаришлар эса АҚШнинг ташқи ёрдам сиёсатида жиддий бурилиш бўлаётганини кўрсатмоқда.
Трамп маъмуриятига кўра, янги ёндашув ёрдамни самаралироқ қилади. Шу мақсадда иқлим ва ижтимоий дастурлар қисқартирилиб, асосий эътибор инсон ҳаётини сақлаб қолишга қаратилмоқда.
Айрим ҳолларда ёрдам иқтисодий ёки сиёсий манфаатлар билан боғланиши мумкин. Масалан, АҚШ Замбияда ОИВ билан касалланганлар учун ёрдамни чеклаш орқали мамлакат ресурсларига кириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Мутахассислар бундай кескин қисқартиришлар салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда. Масалан, The Lancet журнали тадқиқотчилари USAID фаолияти қисқариши 2030 йилгача 14 миллионгача қўшимча ўлим ҳолатларига олиб келиши мумкинлигини айтган.
Бироқ АҚШ Давлат департаменти бу фикрларга қўшилмай, ёрдам тўхтамаётганини, балки самаралироқ шаклга ўтаётганини билдирмоқда.
Шу билан бирга, Вашингтон БМТ билан ҳамкорликни кучайтириб, гуманитар фондга 2 млрд доллар ажратишни ваъда қилган. Шунингдек, глобал соғлиқни сақлаш соҳасида янги келишувлар ҳам муҳокама қилинмоқда.
