Эрдўған Эронга қилинган ҳужумларни қоралади
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил ва АҚШнинг Эронга қилган ҳужумларини қоралади, шу билан бирга Эроннинг минтақадаги мамлакатларга зарба беришини номақбул деб атади.
"Биз Эрон суверенитетини очиқчасига бузаётган ҳамда дўст ва қардош Эрон халқининг тинчлигига таҳдид солаётган бугунги ҳужумларни қоралаймиз. Биз Исроил провокациялари билан бошланган Америка-Исроил ҳужумларидан қайғуда ва ташвишдамиз. Биз узоқ вақт давомида келишмовчиликларни мулоқот йўли орқали бартараф қилишга қаттиқ ҳаракат қилдик. Минтақамиздаги бошқа давлатлар ҳам бор имкониятларини ишга солишди. Аммо исталган натижага эришилмади, чунки Исроилнинг жараённи бузишга уринишлари давом этгани сабабли томонлар ўртасидаги ишонч инқирозини бартараф этиб бўлмади", - деди Эрдўған.
У шунингдек, "Туркия Эроннинг Форс кўрфазидаги биродар мамлакатларга сабаблардан қатъи назар ҳужум қилишини номақбул деб ҳисоблаши”ни билдирди.
Туркия президенти Эрон атрофидаги вазиятни барқарорлаштириш учун дипломатик ташаббусларни фаоллаштириш ниятида эканини айтди.
"Биз сулҳ тузилиши ва музокаралар қайтадан бошланиши учун дипломатик ҳаракатларни зудлик билан фаоллаштирамиз. Бу оғир дамларни бартараф этмагунимизча давлат ва халқ сифатида минтақадаги бизга биродар халқларни қўллаб-қувватлаймиз", - деб таъкидлади у.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, соғлом ақл ва ҳушёр ёндашувсиз "дипломатияга йўл очилмайди, минтақа олов ичида қолади".
"Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Уруш кенгаймаслиги, янада кўп қон тўкилмаслиги ва минтақамиз янада кўпроқ азият чекмаслиги учун барча томонлар, энг аввало ислом олами зудлик билан чора кўриши шарт", - деди у.
