Юрак хуружи қайси кунлари кўп юз беради?

Юрак хуружи қайси кунлари кўп юз беради?

Британиялик олимлар изланиши кўрсатдики, оғир юрак хуружи душанбада бошқа кунларга қараганда кўп учраркан. “Independent” нашри ёзишича, тадқиқот натижасида ҳафтанинг 1-куни юрак хуружи эҳтимоли кутилганидан 13 фоиз юқори экани аниқланган.

Белфаст соғлиқни сақлаш ва фаровонлик жамғармаси ҳамда Ирландиядаги Қироллик жарроҳлар коллежи шифокорлари оролдаги 10 минг 528 беморга оид маълумотни таҳлил қилиб, улар 2013-2018 йиллар оралиғида юрак хуружининг энг оғир тури – СТ баландлиги даражасидаги миокард инфаркти (СТЕМИ) билан касалхонага ётқизилганини қайд этишган. Бундай ташҳис, одатда, катта коронар артерия тўлиқ блокланганда юзага келадиган ҳолатда қўйилади.

Тадқиқотчилар иш ҳафтаси бошида СТ тоифасидаги юрак хуружи кўпайишини аниқлаган. Энг юқори даража душанба куни содир бўлган.

Манчестердаги Британия юрак-қон томир жамияти конференциясида тақдим этилган натижага кўра, юрак хуружи якшанба куни ҳам одатдагидан кўп қайд этилган.

Бинобарин, олимлар “Нега душанба оғир кун?" саволига жавоб бера олмаган.

Британия юрак жамғармаси қиролликда ҳар йили СТ сегменти баландлигидаги миокард инфаркти билан 30 мингдан ортиқ бемор касалхонага ётқизилишини билдирди.

Хуруж юрак шикастланишини минималлаштириш мақсадида шошилинч баҳолаш ва даволашни талаб қилади. Одатда муолажа фавқулодда ангиопластика, яъни блокланган коронар артерияни қайта очиш йўли билан амалга оширилади.

Белфаст Соғлиқни сақлаш ва фаровонлик жамғармаси тадқиқотчиси, кардиолог Жек Лаффан таъкидлашича, “иш ҳафтаси бошланиши ва юрак хуружи ўртасида кучли статистик боғлиқлик” аниқланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!