Йўл носозлиги ЙТҲга сабаб бўлганда зарар тўлаб берилади – Транспорт вазирлиги

Йўл носозлиги ЙТҲга сабаб бўлганда зарар тўлаб берилади – Транспорт вазирлиги

Транспорт вазирлиги инспекторлари қандай ваколатга эгалиги ва йўл носозлиги ЙТҲларга сабаб бўлганда кўриладиган чоралар ҳақида маълумот берилди.

Автомобил ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти раҳбари Руслан Рўзметовнинг маълум қилишича, Транспорт вазирлиги Автомобил ташувларини назорат қилиш бошқармаси инспекторлари йўловчилар ва юклар ташувчи автотранспорт воситаларида лицензия карточкалари мавжуд бўлишини, автомобилларда ташувларни амалга ошириш шартларига риоя этилишини, ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этишини назорат қилади.

Бу тадбирлар йўловчилар тўпланадиган ва юклар ортиладиган ҳамда тушириладиган йирик пунктларда (темир йўл вокзаллари ва станцияларида, дарё портларида, бозорларда, метрополитеннинг охирги станцияларида, автовокзалларда (автостанцияларда), автобус йўналишларининг оралиқ ва охирги тўхташ бекатларида ҳамда ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг стационар постларида амалга оширилади.

Назоратни амалга оширишда инспекторлар қуйидаги ваколатларга эга:

  • автотранспорт воситасининг олдига келиши, фамилиясини, лавозимини айтиб ҳайдовчига ўзини таништириши, ҳайдовчининг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши;
  • ҳайдовчиларга уларнинг ҳуқуқларини тушунтириши;
  • шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига қатъий риоя қилиши, ўз хизмат вазифасини аниқ бажариши, ҳайдовчига нисбатан маданиятли муомалада бўлиши лозим.

«Инспектор автотранспорт воситасининг лицензия карточкасини кўздан кечиради ва ҳайдовчида лицензия карточкаси мавжуд бўлмаган тақдирда тегишли тарзда баённома тузади. Ўз ўрнида, ҳайдовчи ҳам инспектордан шахсини тасдиқловчи ҳужжат, гувоҳнома, кўкрак нишони, дислокациясини сўраши мумкин.

Бир ойлик қўшма рейд тадбирлари ҳар ойда тасдиқланади ва инспекторлар шу асосда иш олиб боришади. Бу дислокация ҳар ой ўзгаради», деди Руслан Рўзметов. 

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов вазирлик ходимлари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ишлашини қайд этиб ўтди.

«Бизнинг вазирликка тегишли автомобил ташувларини назорат қилиш инспекторлари ҳеч қачон бир ўзи якка тартибда истаган пайтида ва истаган жойида рейд ўтказмайди. Улар йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан қўшма рейдни амалга оширишади. Автомобилни тўхтатиш билан ЙҲХ ходимлари шуғулланишади», дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, йўлнинг носозлиги (ямалар) сабаб ЙТҲ содир бўлганда, ҳайдовчининг ва йўлни назорат қилувчи ташкилотларнинг жавобгарлиги ҳақида изоҳ берилди.

«Ҳар қандай ЙТҲ содир бўлганда ҳайдовчи мурожаат қилишга ҳақли - йўлнинг айби билан бўлди деб. Шунақа мурожаат қилинганда, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўлларини назорат қилиш инспекцияси мавжуд, инспекция томонидан ўрганилади ва хулоса берилади. Агар йўл носозлиги сабаб бўлган бўлса, бу хулоса судга тақдим этилади.

Ҳар битта йўл тегишли ташкилот балансида сақланади. Ўша йўл қайси ташкилот балансида бўлса, ўша ташкилот томонидан зарар қоплаб берилади. Бунда ҳайдовчи ўз ҳуқуқини билиши, мурожаат қилиши катта аҳамият касб этади», деган Руслан Рўзметов.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!