Яшил транспорт йўлаклари ва электробус паркини жорий этишда Испания билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Шаҳар жамоат транспорти ҳамда яшил транспорт соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Испания Қироллигига ўқув хизмат сафари ташкил этилди.
Хизмат сафари Транспорт вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Тошкент – кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Хизмат сафари давомида Транспорт вазирлиги, "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ ҳамда Ҳукуматнинг тегишли мутахассислари хорижий шаҳарлар жамоат транспорти тизими, электробуслар рарки ва инфратузилмаси билан яқиндан танишди, яшил транспорт тизимларини самарали жорий этишда қўлланилаётган молиялаштириш механизмлари ўрганилди.
Испания Транспорт ва Барқарор Мобиллик вазирлигининг Ер усти Транспорти бўйича Бош котиби Марта Серрано хоним билан бўлиб ўтган учрашувда, жамоат транспорти соҳасини тартибга солишда вазирликнинг ваколатлари, функциялари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, мутахассислар Испаниянинг Мадрид ва Варселона шаҳарларида транспорт соҳасини тартибга солувчи давлат ташкилотлари ҳамда ушбу шаҳарларда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи йирик транспорт корхоналарига ташриф буюрди.
Учрашувларда шаҳар даражасида жамоат транспорти соҳасини тартибга солиш ва бошқариш масалалари, корхоналарнинг электробуслар паркини жорий этиш ва эксплуатация қилишдаги тажрибаси ва истиқболдаги режалари ўрганилди. Шунингдек, автобус саройларида ҳамда шаҳар кўчаларида яратилган электробусни қувватлаш инфратузилмаси билан яқиндан танишилди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарларида жамоат транспорти соҳасини ислоҳ қилиш, шу жумладан, яшил транспорт йўлакларини ва электробус паркини жорий этишда ўзаро билим ва тажриба алмашинуви бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Шунингдек, Испаниянинг “Тусгсал” хусусий ташувчи ташкилоти томонидан Ўзбекистон шаҳарларида автобусда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишга қизиқиш билдирилди.
