Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва тарихига оид нодир китоблар Оксфорд Ислом тадқиқотлар марказига топширилди

Мамлакатимиз элчиси Равшан Усманов Оксфорд Ислом тадқиқотлар марказига Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан тақдим этилган юртимиз тарихи, санъати, маданияти ҳамда миллий ҳунармандчилигига бағишланган китобларни топширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Оксфорд Ислом тадқиқотлар марказига 1985 йилда ташкил этилган бўлиб, у илмий исломшунослик соҳасидаги дунёдаги энг нуфузли илмий марказлардан бири саналади. Марказ васийси Буюк Британия қироли Карл III ҳисобланади.
Ислом ва ислом оламига йўналтирилган санъат, гуманитар ва ижтимоий фанлар бўйича тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, тадқиқоти билан шуғулланувчи олимлар ва муассасалар ўртасида халқаро академик ҳамкорликни рағбатлантириш, илмий нашрлар орқали Исломдаги замонавий тенденцияларни ёритиш марказнинг асосий вазифалари сирасига киради.
Китобларни тантанали топшириш тадбири Оксфорд Ислом тадқиқотлар маркази кутубхонасида ташкилот раҳбарияти ва ходимлари иштирокида ўтказилди. Йиғилганларга юртимиз бой мероси ва тарихи ҳақидаги муҳим маълумотларни жамлаган мазкур китоблар тўғрисида маълумот берилди. Жумладан, "Темур тузуклари", "Бухоро ислом олами маданияти пойтахти", "Шарқ ва Ғарб нодир асарлар жамланмаси", "The art history of Uzbekistan" ва бошқа адабиётлар алоҳида таъкидланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур адабиётларнинг инглиз тилидаги ададларининг топширилиши, Ўзбекистон тарихини янада чуқурроқ ўрганиш имкониятини тақдим этишини билдирдилар.
Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази директори ўринбосари Жон Уилк Ўзбекистон раҳбарияти жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ислом алломалари меъросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштиришга кўмаклашиш, шунингдек, ислом динининг чинакам инсонпарварлик моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш соҳасида олиб бораётган сиёсатини юксак баҳолади.
"Биз Ўзбекистон ҳақидаги ажойиб китоблар тўпламини қабул қилиб олганимиздан жуда хурсандмиз. Ушбу нодир асарлар марказ кутубхонасини янада бойитади. Марказ икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришдан доимо манфаатдор", деди у.