Ўзбекистонда маҳкумлар қанча ойлик олади?

Ўзбекистонда маҳкумлар қанча ойлик олади?

Бугунги кунда Ўзбекистондаги жазони ўташ муассасаларида сақланаётган маҳкумлар 1 млн сўмгача ойлик олмоқда. Аммо уларга иш стажи ёзилмайди, меҳнат дафтарчаси юритилмайди.

Озодликдан маҳрум этилган шахслар 2019 йилнинг 11 ойи давомида оилаларига жами 16,5 миллиард сўм пул юборган.

Бу ҳақда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари – Ишлаб чиқариш-техника бошқармаси бошлиғи Шарофиддинхўжа Усмоновга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Президентимиз томонидан қўйилган вазифага кўра, маҳкумларнинг ойлик олишидан мақсад – боқувчисини йўқотган оила аъзоларини ўз ҳолига ташлаб қўймасликдан иборат. 2019 йилнинг 11 ойида маҳкумларга 84,1 млрд сўм ойлик белгиланган бўлса, шундан 16,5 миллиарди уларнинг оила аъзоларига юборилган.

Келгусида бундан ҳам ошириб ойлик тўлашни, яхши иш ўринларини барпо қилишни мақсад қилганмиз», деди Усмонов 9 декабрь куни матбуот анжуманида.

Маълум қилинишича, шу йилнинг 11 ойи мобайнида жазони ижро этиш тизимида 3231 та янги иш ўрни яратилиб, қўшимча 3995 нафар маҳкумнинг бандлиги таъминланган.

Айни пайтда меҳнатга лаёқатли маҳкумларнинг 88 фоизи меҳнатга жалб этилган. ИИВ мулозимларига кўра, маҳкумларга муносиб меҳнат шароитлари яратилган, шароитлар кадастр, қурилиш-санитария, ёнғин хавфсизлиги нормаларига жавоб беради.

Журналистларнинг саволларига жавобан, тунги вақтда ишлаётган маҳкумларга Меҳнат кодексида белгиланганидек бир ярим баробар миқдорида иш ҳақи тўланиши, шунингдек, маҳкумларнинг ойлик иш ҳақидан давлат суғуртаси тўлови ажратилмаслиги, пенсия ҳисоблаш учун суғурта тўловларининг тўланиши асос ҳисобланиши, шу боис жазо муддатини ўтаётган даврда меҳнат дафтарчаси юритилмаслиги ва уларга иш стажи ёзилмаслиги маълум қилинди.

 «Ҳозирги кунда Жиноят-ижроия кодексига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф берилган. Айнан маҳкумларнинг ишлаган даври иш стажи ва пенсия ҳисобланишида тан олинишини таклиф қилганмиз, чунки ўзимиздаям бу билан боғлиқ кўплаб саволлар туғилган.

Ҳозир бу таклифлар ваколатли идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда. 2020 йилнинг ярмигача бу масала ҳал этилса керак», – деди Шарофиддинхўжа Усмонов.

Аввалроқ маҳкумлар меҳнати билан топилган даромадлар миқдори очиқлангани хабар қилинган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!