“Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг 2025 йил асосий натижалари ва янги истиқболли лойиҳалари муҳокама қилинди
2026 йил 16 март куни Тошкент шаҳридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг 2025 йил асосий натижалари ва янги истиқболли лойиҳаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда жамият раҳбарияти, масъул мутахассислар, шунингдек телевидение, радио, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, сўнгги йилларда гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш ҳамда янги гидроэнергетика объектларини барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакатдаги гидроэлектр станциялар сони 100 тадан ошди, умумий ишлаб чиқариш қуввати эса 2400 мегаваттга етказилди.
2025 йил якунларига кўра, “Ўзбекгидроэнерго” тизими корхоналари томонидан 6,5 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, шунингдек давлат инвестиция дастури доирасида 237 млн АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди.
Матбуот анжумани давомида соҳа ривожининг устувор йўналишлари, янги истиқболли лойиҳалар ҳамда гидроэнергетика салоҳиятини янада ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
