Туркманистонда парламент сайловлари якунланди

Туркманистонда парламент сайловлари якунланди

Туркманистонда парламент сайловлари якунланди, Тошкент вақти билан соат 21:00да мамлакатдаги барча 2602 сайлов участкаси ёпилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Сайловда 3 миллион 496 минг 475 нафар, хорижда эса 13 минг 78 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Туркманистон қонунчилигида сайловчиларнинг ҳар қандай фаоллиги учун чегара белгиланмаган, агар номзод сайловда овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг ярмидан кўпи овозини олган бўлса, сайланган ҳисобланади.

Туркманистон Сайлов кодексига кўра, Марказий сайлов комиссияси сайловдан кейинги еттинчи кундан кечиктирмай сайлов натижаларини чиқаради, баённома тузади ва сайлов натижаларини эълон қилади.

25 ёшга тўлган ва охирги ўн йил давомида Туркманистонда доимий яшаб келаётган Туркманистон фуқароси Мажлис депутати этиб сайланиши мумкин.

Мажлис умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида, сайловчилар сони тахминан тенг бўлган округларда яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланадиган 125 нафар депутатдан иборат.

Парламентдаги 125 ўрин учун фуқаролар гуруҳлари ва мамлакатнинг учта сиёсий партияси – Демократик партия, Аграр партия ва Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси томонидан 258 нафар номзод кўрсатилган.

Шу билан бирга, депутатларнинг партиявий мансублиги уларнинг ишига таъсир қилмайди, чунки сайловлар партия рўйхати бўйича ўтказилмайди, депутатлар парламентда партия фракцияларини тузмайдилар, Туркманистон сиёсий партиялари ўз сиёсий дастурларини илгари сурмайди.

Барча депутатлар, қайси партия вакиллари бўлишидан қатъи назар, Туркманистон президенти бошчилигидаги ҳукумат курсини қўллаб-қувватлайди.

Мажлис Конституция ва қонунларни қабул қилади, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритади, давлат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини кўриб чиқади, умумхалқ референдумларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади, Туркманистон Президенти ва Мажлиси депутатлари учун сайловларни тайинлайди.

Шунингдек, парламент Туркманистон Президентининг таклифига биноан Туркманистон Олий суди раиси, Бош прокурори, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги раҳбарларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади, сайлайди.

Омбудсман, давлат мукофотларини таъсис этади, давлат раҳбарини давлат мукофотлари билан тақдирлайди, унга ҳарбий ва бошқа давлат унвонларини беради, Давлат чегарасини, Туркманистоннинг маъмурий-ҳудудий бўлинишини ўзгартириш масалаларини ҳал қилади.

2021-йил сентябр ойида Туркманистонда икки палатали парламент тузилди. Жорий йилнинг январ ойида мамлакат яна бир палатали парламентга қайтди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!