Туркия «Виждонсизларга Нобел мукофоти берилмаслиги керак!»

Туркия «Виждонсизларга Нобел мукофоти берилмаслиги керак!»

Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Қалин австриялик ёзувчи Петер Хандкега адабиёт бўйича Нобел мукофоти берилишини танқид қилди.

“Душанба куни Босниядаги қатлиомни рад этган ва Сербиянинг биринчи президенти Слободан Милошевичнинг тарафдори бўлган Петер Хандкега адабиёт бўйича Нобель мукофоти берилади. Бу ақлсиз ва шармандали қарорни бекор қилиш зарур. Нобел мукофоти виждонсизларга берилмаслиги керак. Ёки бу янги геноцидни тақдирлаш учун қилиняптими?” – дея ёзди у “Твиттер”даги саҳифасида.

Туркия миллий мудофаа вазирлиги ҳам бунга қарши чиқди.

"Биз ҳар қандай кўнгилчан инсон қалбига жароҳат берадиган бу тарихий хатодан воз кечилишини кутмоқдамиз, Нобель мукофоти эса яна танқид ва муҳокамалар нишонига айланмоқда", - дейилади вазирлик баёнотида.

Гап шундаки, Петер Хандке Сребриницада серб ҳарбийлари мусулмонларни қирганини инкор этиб келади ва сербларнинг собиқ етакчиси Слободан Милошевични қўллаб-қувватлаган.

Швед академиясининг собиқ матбуот котиби, тарихчи Петер Энглуд эса ёзувчига мукофотни топшириш маросимида қатнашишни истамаслигини маълум қилди.

“Агар қатнашадиган бўлсам, иккиюзламачиликка йўл қўйган бўламан”, – деди у.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!