Трамп президентликка келганидан бери АҚШга ноқонуний кириш 90 фоизга камайди

Дональд Трамп Оқ уйга қайтганидан уч ҳафта ўтиб, АҚШда чегарани ноқонуний кесиб ўтишлар сони рекорд даражага етди. New York Post хабарига кўра, февраль ойида чегара расмийлари чегарани ноқонуний кесиб ўтганидан кейин кунига ўртача 359 нафар муҳожирни ҳибсга олган, бу 2023 йил бошидагига қараганда 90 фоизга кам. Агар тенденция давом этса, бу ой 60 йил ичида ноқонуний миграция учун энг паст ой бўлади.
Назоратни кучайтириш учун Трамп чегара ҳудудларига 1500 аскар юборди ва Мексика президенти Клаудия Шейнбаум билан келишувга эришди. Мексикадан олиб келинган товарларга 25 фоизлик бож қўйиш таҳдидига жавобан, мамлакат ҳукумати муҳожирларни чегарага етгунча тўхтатиш учун 10 минг аскар юборди. Трамп шунингдек, барча бошпана изловчилардан қарор қабул қилиш учун Мексикада кутишни талаб қилишни режалаштирмоқда.
Февраль ойи бошидан бери Қўшма Штатлар илгари қонунни бузган ноқонуний муҳожирларга қарши кенг кўламли рейдлар ўтказди. 11 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган ва депортация қилинган, айрим ҳолларда ҳарбий самолётлардан фойдаланилган.
Жо Байден бошқаруви даврига нисбатан муҳожирлар оқими кескин камайди. 2023 йилда чегарачилар кунига 5590 нафар, 2024 йил бошида эса кунига 2872 нафар ноқонуний муҳожирни қўлга олган. Энди Трамп нафақат сонларни камайтиришга, балки ноқонуний иммиграцияни бутунлай тўхтатишга интилмоқда.