Трамп “Green Card” лотереясини бутунлай тугатмоқчи

Трамп “Green Card” лотереясини бутунлай тугатмоқчи

АҚШ президенти Дональд Трамп пайшанба куни янги иммиграцион сиёсат режасини тақдим қилди, унда қариндошлик муносабатларига эмас, балки юқори малакали мутахассисларга алоҳида эътибор қаратилади.

Айни дамда қонуний муҳожирларнинг 66 фоизи АҚШга қариндошлик муносабатлари билан, атиги 12 фоизи эса малака ва ишга жойлашиш асосида келади.

Трампнинг фикрига кўра, юқори малакали мутахассисларга бериладиган иммиграцион квота беш баробар оширилиши керак.

Янги тизим АҚШга келадиган муҳожирларнинг номзодини қўлга киритилган баллар орқали аниқлайди, ёши, билими, инглиз тилини билиш даражаси ва ариза берувчининг яхши маош оладиган иш жойи эътиборга олинган ҳолда юқори малакали ишчиларга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу каби миграцион тизим Австралия, Канада ва Янги Зеландияда мавжуд.

АҚШда қонуний муҳожирларнинг йиллик маоши 2018 йилда тахминан 43 минг доллар атрофида бўлди.

Трампнинг режасига кўра, мамлакатга билими ва малакасига биноан киритиладиган хорижликлар бир йилда уч баробар кўп 126 минг долларгача даромад топишлари керак.

Трамп режасига кўра, 1991 йилдан бери ўтказиб келинадиган муқим яшаш учун бериладиган машҳур (Green Card) лотореяси тугатилади.

Бу лоторея ҳар йили тахминан 50 минг муҳожирга виза берар эди. Эндиликда лотореянинг ўрнига янги дастур ишга туширилади, унда касб соҳасида танилган истеъдодли номзодларга афзаллик берилади. Гуманитар нуқтаи назардан бериладиган визалар 22 фоиздан 10 фоизга камайтирилади.

Режа ҳаётга татбиқ этилиши учун Оқ уй уни Конгрессда ҳимоя қилиши керак бўлади.

Конгрессдаги Демократик партия раҳбарлари тақдим қилинишидан аввалроқ Трамп режасига қатьиян қарши чиқишди.

Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер Трамп режасини ножиддий дея атади.

Айрим экспертларнинг фикрича, президентлик сайловлари арафасида Трамп маъмурияти баҳсли масала бўйича демократлар билан келишувга эришиши амримаҳол, дея ёзди Associated Press .


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!