Тошкентда 30 000 АҚШ долларга уй сотмоқчи бўлган фирибгарга жазо тайинланди

Халқимизда “бир ёлғон иккинчи ёлғонга ундайди”, деган нақл бор. Бу албатта бежиз эмас, хатосидан тўғри хулоса чиқармайдиган, ёлғон устига ёлғон гапирадиган кишилар ҳамон орамизда учрамоқда.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Санжар Абдуганиевнинг "Aniq.uz"га маълум қилишича, Тошкентлик Рахим Махкамов (исм-шариф ўзгартирилган) ҳам ана шундай кимсалар сирасидан. У ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2020 йил январ ойида, Тошкент шаҳар, Марказ-1 даҳасида жойлашган кафелардан бирида, Т.Алимовнинг ишончига кириб, унга Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги уйни сотишни ва унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, Т.Алимовдан жами 30.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, берган ваъдасини бажармасдан, олган пулларини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Суд мажлиси жараёнида судланувчи Р.Маҳкамов қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, ушбу жиноятни оғир моддий ҳолатга тушиб қолганлиги учун содир қилганлигини, жабрланувчидан узр сўрагани, пулларни эса имкони бўлиши билан қайтаришини такрорларди.
Ёлғонлари гирдобига шўнғиган фрибгарлар ҳолига вой. Бундайлар “ёлғон гапирсам одамлар менга ишонишади” деб ўйлаб адашадилар.
Ҳалолликни, инсонийликни, унитиб, бировга ёлғон ваъдалар берувчи бу каби фирибгарларга эса жазо муқаррар. Суд давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячи фикрини, судланувчи Рахим Махкамовни, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Р.Махкамовни жиноят содир этганликдаги айбли деб топиб, қонун санкциясида кўрсатилган жазони тайинлади.