Тожикистон 2020 йилда давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 342 миллион доллар ташқи ёрдам олди

Тожикистон 2020 йилда давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 342 миллион доллар ташқи ёрдам олди

Тожикистон ҳукуматига давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 2020 йилда халқаро молия институтлари томонидан 342 миллион доллар (2020 йилдаги ўртача расмий курси бўйича тахминан 3,6 миллиард сомоний) ажратилди. Бу ҳақда Тожикистон молия вазирлигининг ҳисоботига таяниб, Asia Plus хабар берди.

Молия вазирлиги ушбу маблағ устувор ижтимоий соҳани молиялаштиришга сарфланганини таъкидламоқда.

Ҳисоботда айтилишича, мазкур маблағлар иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловларга оид мажбуриятларни қоплади, соғлиқни сақлаш соҳаси фондини ва аҳолининг заиф қатламларига йўналтирилган ижтимоий ёрдам миқдорини оширди, шунингдек, ташқи қарзлар ва устувор иқтисодий тармоқларга хизмат кўрсатди.

Вазирлик Халқаро валюта фонди ажратган 189,5 миллион долларлик имтиёзли кредитни, Осиё тараққиёт банкининг 102,5 миллион долларлик беғараз ёрдами ва Евросиё тараққиёт фонди ажратган 50 миллион долларлик қарзни алоҳида эътироф этди.

Ушбу ёрдам давлат бюджети даромадлари бўйича қайта кўриб чиқилган режанинг 0,1 фоиз ортиғи билан (20,3 миллион сомонийга) бажарилишига ёрдам берди.

Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2020- йили давлат бюджети даромадларининг умумий ҳажми 24,3 миллиард сомонийни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири Жамолиддин Абдуллозода мамлакатда коронавирус устидан ғалаба карантиндан воз кечиш туфайли амалга ошганини айтган. Шунингдек, Абдуллозода мамлакатда коронавирусни даволаш мутлақо бепул эканини таъкидлаган. Уй шароитида даволанаётган беморлар нафақат шифокорларнинг тезкор гуруҳи назорати остида бўлган, балки давлат ҳисобидан бепул дори-дармонларни ҳам олган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!