​Тил ҳақидаги қонунни янгилаш вақти келдими?

​Тил ҳақидаги қонунни янгилаш вақти келдими?

2001 йилдан ЮНЕСКО тилларни ҳимоя қилишга киришди. Шу мақсадда йўқолиб бораётган дунё тилларининг қизил китоби ва харитасини тузди.

Ҳозирги пайтда ер юзида 6 мингга яқин тиллар мавжуд. ЮНЕСКО маълумотига кўра, ХХI асрнинг охирига қадар уларнинг 2500 таси йўқолиб кетиши хавфи бор.

– Бу тиллар сирасига ўзбек, тожик, туркман, қозоқ, қирғиз тиллари кирмайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори Шуҳрат Кўчимов. – Бугун яшаб турган тил эртага бирданига ўлиб қолмайди, албатта. Бу узоқ давом этадиган тадрижий жараён ҳисобланади. Олти мингга яқин тил ҳуқуқий мақоми, жаҳон майдонида тутган ўрни, қўлланиш доирасига кўра қуйидаги уч тоифага –халқаро, маҳаллий тиллар ва Давлат тили.

ЮНЕСКО томонидан йўқолиши мумкин бўлган тиллар асосан маҳаллий тилларга тўғри келади. Чунки бундай тилларнинг аксариятида майда миллий этник гуруҳларгина мулоқот қилишади. Давлат ва жамият фаолиятида, таълим жараёнида деярли қўлланилмайди, ёшлар бу тилни билишмайди, қариялар гаплашади, холос. Кейинчлик шу ёши катта кишилар оламдан ўтганидан кейин бу тил ҳам ўлик тилга айланади.

ХХI асрда дунё тиллари фонида жуда мураккаб жараёнлар кечмоқда. Табиийки, бу ўринда бу ўзгаришларнинг она тилимиз – ўзбек тилига таъсири қандай кечади? Уни янада ривожлантириш, йўқолиб бораётган тиллар сафига тушиб қолмаслиги учун нималарга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим, деган саволлар туғилади.

Ҳар бир халқ ўз она тилининг юқори поғоналарга кўтарилишини истайди. Агар маҳаллий тиллар даражасида қўлланаётган бўлса Давлат тили мақомини олишини, модомики, Давлат тили мақомига эга бўлса, уни халқаро даражага кўтаришга ҳаракат қилади, керак бўлса бу йўлда курашади. Шу маънода, яъни дунё тиллари фонида она тилимиз – ўзбек тилига баҳо берадиган бўлсак, у 1989 йилгача маҳаллий тил даражасида бўлиб, жуда ҳам бир ғариб аҳволга тушиб қолган эди. 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши ўзбек тилини учинчи босқичдан иккинчи босқичга кўтарди – маҳаллий тилдан Давлат тили даражасига олиб чиқди.

Бу давр ичида ўзбек тилининг давлат тили сифатида мамлакат ва жамият фаолиятидаги мавқеи ортди, бу соҳада кўпгина ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги бошқа миллат ва элатларнинг тиллари ривожланишига ҳам кенг имкониятлар яратилди. Бунинг учун ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилди. Бу борада Конституциямиз бош мезон ҳисобланади.

Бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида иш юритилиши натижасида Ўзбекистонда миллатларо тотувлик, бағрикенгликка эришдик, давлат ва жамият ҳаёти барқарорлашди. Албатта, бу соҳадаги ютуқларимиз жуда кўп. Гап уларни келтиришда эмас, балки ўзбек тилини давлат ва халқаро миқёсда ривожлантиришимиз учун эндиликда нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида фикрлашсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Бизнинг назаримизда, ўтган давр ичида “Давлат тили ҳақида”ги қонунимиз ўзининг тарихий вазифасини бажариб бўлди. Эндиликда бу соҳадаги ишларимизни тамоман янги босқичга кўтаришимиз зарур. Бунинг учун, биринчи навбатда, бу соҳада дунёнинг илғор тажрибаларини кенг ўрганишимиз, мамлакатимизда сўнги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиққан ҳолда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг бутунлай янги вариантини қабул қилишимиз лозим. 

Бунда, айниқса, мактаб таълимига алоҳида эътибор қаратиш керак. Бу соҳада бугунги кунда айрим ҳолатларда ота-оналар томонидан ноўрин ҳаракатлар ҳам содир этилмоқда. Жумладан, 1-синфга бораётган боланинг рус тилини билиши ва билмаслигидан қатъи назар, уни рус синфларига беришга ҳаракат қилишади. Энди янги ижтимоий муҳитга қадам қўяётган бола учун таълим олиш тилини билмаслик жуда катта руҳий зарба бўлади. Чунки у янги муҳитга мослашсинми ёки тил ўргансинми? Тилни ўрганган тақдирда ҳам у ўз она тилида тафаккур юритади. Шунинг учун бундай ҳолатлар болаларда депрессия ҳолатини келтириб чиқаради. Шу боис ота-оналар, албатта, бундай ҳолат ларни ҳисобга олишлари зарур.

Шунингдек, мактаб, академик лицей ва коллежларда ўзбек тили таълими ҳақида гап кетганда, она тили дарсларида асосан ўзбек тилининг ички қурилиши, хусусан, фонетика, лексика, грамматика билан боғлиқ билимлар берилмоқда. Олий ўқув юртига кириш тест синовларида ҳам она тилидан асосан ўта грамматикалашган саволлар берилмоқда. Натижада ёшларимизда оғзаки ва ёзма нутқ масалалари сусайиб бораяпти. Шунинг учун ўрта ва ўрта махсус таълим тизимига нутқни қандай ифодалаш, нутқ маданияти, нотиқлик санъати каби билимларни ҳам киритиш ва иншо ёзиш амалиётига алоҳида эътибор бериш керак.

Бундан ташқари, олий таълим тизимида, айниқса, нофилологик олий ўқув юртларида тайёрланаётган мутахассисларнинг Давлат тилини мукаммал даражада эгаллашига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бугунги кунда нофилологик олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўқитиш амалиёти фақатгина русийзабон талабаларга таълим бериш билан чекланади, холос. Миллий гуруҳларда она тили бўйича ҳеч қандай фан ўқитилмайди. Натижада талаба эртага бу олий даргоҳни битириб, бирор муассаса ёки корхонага боргандан кейин ўз фикрини аниқ ифодалашда, ўз соҳасига оид ҳужжатларни тўлдиришда қийналади. Ваҳоланки, бугунги кунда тилнинг ижтимоий функциясига қўшимча вазифалар юкланиб, кимнинг нутқи зўр бўлса, унинг ғоялари амалга ошади. Бугунги давлатлараро, халқлар ўртасидаги ўзаро устунлик сўз ва нутқ воситасида амалга оширилмоқда. 

Шунинг учун ривожланган хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиздаги барча нофилологик олий ўқув юртларида Давлат тилини ўқитиш тизимини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Бизнинг фикримизча, нофилологик олий ўқув юртларида Давлат тилини ўқитиш тизими қуйидаги уч босқичга асосланиши лозим: дастлаб биринчи курсда русийзабон талабаларга ўзбек тили ўқитиш, кейинги босқичда иккинчи ва учинчи курс миллий гуруҳларида “Мутахассислик тили”, “Касбий нутқ маданияти”, “Ихтисослик ҳужжатларини тузиш асослари”, учинчи босқичда эса магистратурада “Касбий нотиқлик санъати” каби ўқув курсларини жорий этиш. Талабалар бакалавриатурани битираётганда ўзбек тили бўйича давлат имтиҳонини (аттестациясини) йўлга қўйиш зарур бўлади. 

Умуман олганда, мустақилликдан кейин ўтган 27 йил ичида тил сиёсатида мамлакатимизда яшовчи барча халқларнинг миллатлараро тотувлигига, бир-бирини ўзаро тушунишига эришдик. Ҳар бир миллат ўз она тилига давлат томонидан ғамхўрлик қилинаётганига қатъий амин бўлди.

Назаримизда, эндиги вазифа Ўзбекистонда Давлат тилини ҳаётга тўла жорий этишни янада такомиллаштириш мақсадида “Давлат тили ҳақида”ги қонунни янгидан ишлаб чиқиш ва унинг лойиҳасини халқ муҳокамасига қўйиш, билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Янги қонун қабул қилингандан кейин уни ҳаётга жорий этиш механизмини шакллантириш лозим.

Ўз навбатида, бу масалаларни республика миқёсида мувофиқлаштириб борувчи махсус давлат органига эҳтиёж сезилади. Шунинг учун мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Вазирлар Маҳкамаси қошида фаолият юритган “Атамашунослик қўмитаси”га ўхшаган давлат органини ташкил этиш лозим. Мазкур органга “Давлат тили ҳақида”ги қонун ва Давлат дастурининг ижросини мувофиқлаштириш масъулиятини тўла юклаш зарур ва бунинг учун унга шу соҳада кенг ваколатлар берилиши, унинг фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, ахборот технологияларига асосланган янги замонавий тизим асосида йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!