Таровеҳ намозини ўз маҳалласидан бошқа ердаги масжидларга бориб ўқиш мумкинми? (видео)

Таровеҳ намозини ўз маҳалласидан бошқа ердаги масжидларга бориб ўқиш мумкинми? (видео)

Кўнгли нозик халқмиз. Баъзида кимдандир хафа бўлиб, ана шу одамни кўрмаслик учун кўчани айланиб ўтамиз. Уйимиз ёнидаги масжид имомининг овози ёқмади, дея узоқдаги масжидга бўлсада боришга вақт топамиз. Тўғри, бундай ҳолат ҳар доим ва ҳамма вақт ҳам бўлавермайди. Аммо, ана шундай вазиятлар бўлиб туриши, бор гап.

Муқаддас Рамазон кунларида ҳам таровеҳ намозини ўқиш учун қўшни маҳаллага қатнаб юрганлар ҳам йўқ эмас. Ўзимизни ана шундай тутишимиз тўғрими? 

Бу борадаги фикрлар ва қарашларга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, «Хўжа Аламбардор» масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғлига мурожаат қилдик. 

– "Дуррул мухтор"да ҳар бир маҳалла аҳлининг зиммасида маҳалла масжидининг ҳаққи бўлиб, унинг ҳаққи адо қилиниши лозим, дейилган, –дейди Одилхон қори.– Шунга биноан, таровеҳни бошқа масжидга бориб ўқигандан кўра ўз масжидида ўқиш афзал. Лекин маҳалла масжиди имомининг қироати намозга яроқсиз бўлса ва маҳалла масжидида Қуръон хатм қилинмай, бошқа масжидда хатм қилинаётган бўлса, маҳалла масжидидан бошқа масжидга бориш жоиз. 

Одилхон қори бизга рўзанинг фидясини кимларга ва қандай тартибда бериш, рўзадор таом тайёрласа рўза қайси ҳолатда очилиши ҳақида ҳам сўзлаб бердилар.

–Аёллар овқат қилмасдан иложи йўқ, шундай экан тутунга ҳам рўбарў бўладилар. Қасддан ҳидламаса бўлди. Аммо “Ўз амали билан ичига тутун киритса” яъни исириқ ҳидлаш ва оғиз-бурнини пар-тутунга тутиш кабилар рўзани бузадиган амаллар ҳисобланади.

Шунингдек, рўзадор аёл ифторликка қилинаётган овқатни тузини билиш учун тилини текказиб кўрса, рўзаси бузилмайди. Рўзанинг фидясига келсак, мискинларга, фақирларга, бева-бечораларга, ночорларга, закотга қодир бўлмаганларга берилади.

Одилхон қори Юнусхон ўғлининг батафсил жавоби видеода жамланган бўлиб, у билан тўлиқ танишиш имконига эгасиз.

Сайтимизни кузатиб боринг. Кадр кечаси қачон, уни қайси кунда учратишимиз ҳақида батафсил изоҳ берамиз.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!