Танзила Норбоева Қирғизистон президенти билан учрашди

Танзила Норбоева Қирғизистон президенти билан учрашди

21 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Қирғизистонга расмий ташрифи доирасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашди. Бу ҳақда Парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қирғизистон президенти мустақилликнинг 30 йиллиги нишонланаётган кунларда амалга оширилган ушбу ташрифнинг аҳамияти ва муҳимлигини қайд этган. Шунингдек, у қардош ўзбек халқини мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклаган.

Томонлар муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан, парламентлараро ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган.

«Президент Садир Жапаров дўстлик, аҳил қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик тамойилларига асосланган Қирғизистон—Ўзбекистон муносабатлари юксак даражага етганини мамнуният билан қайд этди. Икки давлат раҳбарларининг очиқ ва ишончли алоқалари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашнинг муҳим асоси эканини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан Президент Садир Жапаров икки томонлама ҳамкорликда жорий йилнинг март ойида Тошкентга амалга оширган давлат ташрифи муҳимлигини қайд этди», — дейилади хабарда.

Қирғизистон раҳбари Ўзбекистонда президент сайловини муваффақиятли ўтказиб олишни тилаб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлашини билдирган.

Шунингдек, Садир Жапаров Ўзбекистоннинг гендер сиёсатини амалга ошириш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари, шу жумладан, «Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти» ташаббусига юқори баҳо берган. Шу кунларда бўлиб ўтаётган «Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллари мулоқоти» бизнес-форумига муваффақият тилади ва бундай лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

Танзила Норбоева самимийлик ва меҳмондўстлик учун Қирғизистон томонига чин дилдан миннатдорлик билдирган. Сенат раҳбари Президент Шавкат Мирзиёевнинг самимий табриги ва эзгу тилакларини етказган ҳамда Ўзбекистон раҳбари ҳам Қирғизистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашини билдирган.

Шунингдек, бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!