Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 3 баробар ошди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари 2017-2023 йилларда Ўзбекистонда олий таълимнинг ривожланиш суръати ва концентрация даражасини таҳлил қилди.
Олий таълим соҳаси иқтисодиёт, инсон капитали ва инновацияларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Хусусан:
➖ Умумий таълим хизматларида олий таълимнинг улуши 2017 йилда 47 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 56,5 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳасида таълим хизматларининг қўшилган қиймати 14 фоизга етди;
➖ 2017-2023 йилларда олий таълим тизимидаги профессор-ўқитувчилар сони 1,64 баробар ошди;
➖ 2023-2024 ўқув йилида олий таълим муассасаларида ўқиётган хорижлик талабалар сони 2017/2018 ўқув йилига нисбатан 8,6 баробар ошди ва 11,2 минг кишини ташкил этди;
➖ Ўзбекистонда олий таълим муассасаларининг илмий тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишланмаларига реал харажатлари 1,3 баробар ўсди.
Олий таълим бозорининг ривожланиш тенденцияси таҳлили сўнгги беш йилда олий таълим муассасалари (ОТМ) сони 3 баробар (2017-2018 ўқув йилидаги 72 тадан 2023/2024 ўқув йилида 210 тага), талабалар сони эса 4,5 баробар (2017/2018 ўқув йилидаги 298 минг нафардан 2023/2024 ўқув йилида 1,330 миллион нафаргача) ошганини кўрсатди.
Хусусий олий таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги жами олий таълим муассасаларидаги улуши 2022/2023 ўқув йилидаги 25 фоиздан 2023/2024 ўқув йилида 31,9 фоизга ошди. 2023/2024 ўқув йилида Ўзбекистондаги хусусий олий таълим масканларида таҳсил олаётган талабалар улуши эса 23,95 фоизга ошди ва 318.6 минг нафарга етди (талабаларнинг жами сони 1,33 млн. нафар).
Олий таълим хизматларини кўрсатишда олий таълим муассасалари ўртасидаги рақобат даражасини ҳисоблаш учун Херфиндал-Хиршман индекси (HHI ёки Herfindahl-Hirshman Indeх) қўлланилади. Индекс олий таълим муассасалари талабалари бозор улуши квадратлари йиғиндиси ёрдамида олий таълим муассасалари ўртасида бозор улушининг тақсимланишини тавсифлайди.
2017-2023 йилларда олий таълим муассасаларида таълим бозорининг концентрация индекси 191 дан 136 гача камайди. Бу эса олий таълим муассасалари ўртасидаги рақобатнинг жадаллашганини кўрсатади.
Ҳудудлар бўйича олий таълим бозори тақсимланиш индексини ҳисоблаш олий таълим хизматлари бозори ҳудудлар кесимида мўътадил концентрациялашганини кўрсатди. Бу кўрсаткич ҳудудларнинг республика бўйича талабалар сонидаги улуши асосида ҳисобланади. Олий таълимнинг ҳудудий концентрация даражаси 2017/2018 ўқув йилидаги 1702 дан 2022/2023 ўқув йилида 1525 га ва 2023/2024 ўқув йилида 1484 га тушган.
Қашқадарё, Сурхондарё ва Наманган вилоятлари ҳар 10 000 кишига тўғри келадиган талабалар зичлиги энг паст ҳудудлар сирасига киради. Улар HHI индексига ҳам энг кам ҳисса қўшган ҳудудлар ҳисобланади. Ҳудудий концентрация даражасини камайтириш учун уларда янги олий таълим муассасаларини жойлаштириш мақсадга мувофиқ.
Олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида қатор чора-тадбирлар ва вазифалар белгиланган. Жумладан:
➖ ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш;
➖ умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш;
➖ олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш.