ССВ: Вазир "Тез ёрдам" ҳайдовчилари билан уларни қийнаётган масалалар бўйича мулоқот қилди

ССВ: Вазир "Тез ёрдам" ҳайдовчилари билан уларни қийнаётган масалалар бўйича мулоқот қилди

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Республика тез тиббий ёрдам марказида мазкур тизим фаолиятига бағишланган танқидий йиғилиш ўтказди.

Видеоселектор шаклидаги ушбу мажлисда вазирлик масъуллари, Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг ҳудудий филиаллари раҳбарлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бош шифокорлари ҳамда “103” хизмати ходимлари иштирок этди.

✅ Таъкидланганидек, беморлар ҳаёти ва соғлигини асраб қолиш, уларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатишда "Тез ёрдам"нинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан кейинги йилларда бу йўналиш бутунлай трансформация қилинди. Соҳанинг моддий техник базаси янгиланиб, кадрлар салоҳияти оширилмоқда.

♻️ Бунинг натижасида ҳозирга келиб, “Тез ёрдам”да кечикишлар сони кескин қисқарди. “В” тоифали замонавий реанимобиллар сони 24 тадан 541 тага кўпайтирилди. Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам ягона тизимга бирлаштирилиб, айни пайтда бу ишлар ҳудудлар кесимида олиб борилмоқда. Бироқ соҳада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар йўқ эмас.

Йиғилишда вазир томонидан сўнгги пайтларда “103” автомашиналари иштирокида тез-тез йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаётгани, бунга айрим ҳайдовчиларнинг махсус автотранспорт воситаларини бошқаришдаги малакаси етишмаётгани сабаб бўлаётгани таъкидланди. Шу боис уларнинг малакасини ошириш бўйича алоҳида курслар очиш ва махсус автодромлар ташкил этиш лозимлиги айтиб ўтилди.

❗️Қолаверса, тизимда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик, хусусан, "Тез ёрдам" хизматига ҳайдовчиларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилиш кераклиги алоҳида қайд этилди. Бу борада камчиликка йўлга қўйган тизим ва қатор автокорхона масъулларига нисбатан тегишли жазо чоралари тайинланди.

🗒 Шу билан бирга, соҳада фаолият юритаётган ҳайдовчилар ҳамда автокорхона ходимларининг ойлик маошларини қайта кўриб чиқиш, транспорт воситалари учун зарур эҳтиёт қисмлар харид қилишни соддалаштириш, туманларда тез тиббий ёрдам хизмати автомашиналари учун мини ёқилғи қуйиш шохобчаларини ташкил этиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Йиғилиш давомида вазир А.Иноятов "103" хизматида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари, диспетчерлик хизмати мутахассислари, айниқса ҳайдовчилар билан алоҳида мулоқот қилиб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан фикрларини тинглади. Бу борадаги мавжуд муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этиш юзасидан масъулларга зарур кўрсатмалар берди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!