ССВ: Кекса ва ногиронларга ажратилаётган протез-ортопедия мосламалари ҳамда техник воситалар сони икки баравар кўпайди

ССВ: Кекса ва ногиронларга ажратилаётган протез-ортопедия мосламалари ҳамда техник воситалар сони икки баравар кўпайди

Ўттиз йилдирки, 3 декабрь санаси жаҳонда Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланади. Бундан кўзланган асосий мақсад ногиронлиги бўлган инсонларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, тўлақонли ҳаёт кечириши учун кўмаклашишга дунё жамоатчилиги эътиборини қаратишдан иборат.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ер шари аҳолисининг 1,1 миллиард нафарини кекса авлод вакиллари, 1 миллиард нафарини эса ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. Юртимизда нафақадаги юртдошларимиз сони 3,5 миллион, ногиронлиги бўлган шахслар эса қарийб 1 миллион нафарга тенг.

Хўш, улар учун бугун жамиятимизда қандай имконият ва имтиёзлар яратилган? Бу саволга Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори Алишер Инаковдан қуйидагича жавоб олдик.

— Мамлакатимизда ўзгалар парваришига муҳтож ҳамда ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга хонадонида, шунингдек, “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларида стационар шароитларда қатор тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.

Жумладан:

реабилитация марказларида тиббий-ижтимоий реабилитация ва абилитация чоралари кўрилмоқда;

эҳтиёжманд кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминланяпти;

сиҳатгоҳларда бепул йўлланмалар асосида соғломлаштирилмоқда;

тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан фуқаролар кўрикдан ўтказилиб, уларга тиббий, ижтимоий, касбий реабилитация чоралари белгиланмоқда.

Кейинги йилларда мазкур йўналишда 25 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани ҳам бу соҳага давлатимиз нечоғли катта эътибор қаратаётганини тасдиқлайди. Бунинг натижасида эса мавжуд имкониятлар янада кенгайиб бормоқда.

Масалан, ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойда бепул етказиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена воситалари тури 9 тадан 19 тагача кўпайтирилди.

2022 йилнинг июнь ойидан озиқ-овқат ва гигиена воситалари учун ҳар ойлик пенсияларга қўшимча равишда тўловлар жорий этилди.

Муҳтожларга етказилган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари сони 24,5 мингтадан 42 мингтагача ошди.

Муҳтожларга бепул бериладиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари рўйхати 22 та турдан 30 тагача кўпайтирилди.

Уйда ижтимоий хизмат билан қамраб олинганлар сони 15,7 минг нафардан 19,2 минг нафаргача, санаторийларда соғломлаштирилганлар сони 35,8 мингдан 43,0 минг нафаргача ошди.

“Саховат” уйлари, уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар учун санаторийлар 17 та автобус билан таъминланди.

“Мурувват” ва “Саховат” уйларидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг озиқ-овқат ва дори таъминоти узлуксиз ошириб борилмоқда, юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларига ташрифлар уюштирилмоқда, уларнинг ҳаёт шароитларини янада яхшилашга қаратилган ижтимоий хизматлар кўлами ортди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!