Сайлов ва пандемия: қандай чоралар кўриш режалаштирилган

Сайлов ва пандемия: қандай чоралар кўриш режалаштирилган

Мазкур сайловни янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказиш борасида барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Маълумки, коронавирус пандемияси бутун дунёни ташвишга солиб келаётган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Жаҳон мамлакатларида ушбу вирус билан касалланишлар сони ортса-ортяптики, камаяётгани йўқ. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам кунлик касалланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Ана шундай қалтис бир вазиятда сайлов жараёнларини ташкил этиш алоҳида тайёргарликни талаб этади.

Хўш, бу борада қандай чора-тадбирларни кўриш режалаштирилмоқда? Касаллик тарқалишининг олдини олиш, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда овоз беришни ташкил этиш борасида қандай тайёргарликлар кўрилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг маълум қилишича, пандемия шароитида сайлов жараёнларини ташкил этиш, овоз беришда хавфсизлик чораларини кўриш бўйича алоҳида режалар ишлаб чиқилган. Хусусан, сайлов арафасида эпидемиологик вазиятга қараб махсус йўриқнома асосида иш тутиш режалаштирилмоқда.

Коронавирус билан хасталаниб, касалхонада даволанаётганлар ёки уйида карантин шароитида ётган беморларнинг сайлов бўйича ҳуқуқларини таъминлаш борасида аниқ чоралар кўрилади. Жумладан, тегишли сайлов участкаларининг 2 нафар аъзоси махсус кийимларда касалхонага бориб, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда беморларнинг овоз беришини ташкил этади. Бунинг учун алоҳида кўчма сайлов қутиси ташкил этилади.

Шунингдек, уй шароитида коронавирусга қарши даволанаётган беморларнинг ҳам овоз бериш ҳуқуқлари тўлиқ таъминланади.

Дарҳақиқат, бу каби чораларнинг кўрилиши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, сайлов жараёнларининг очиқ, ошкора, шаффоф ҳолда ўтишини ташкил этиш ҳамда карантин қоидаларига амал қилинишига хизмат қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!