Салоҳ — Суарес, Роналду — Рамос: бугун кимнинг имконияти қандай?
Ниҳоят, кеча Россиядаги жаҳон чемпионати ҳам старт олди. Дастлабки ўйинда мезбонлар Саудия Арабистони терма жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этди.
Бугун ҳам бизни бир-биридан шиддатли баҳслар кутмоқда. Дастлаб Тошкент вақти билан соат 17:00 да Миср ҳамда Уругвай ўзаро куч синашади. Аслида, мазкур тўқнашувга Уругвай яққол фаворитдек кўринади, аммо мисрликлар сафида Муҳаммад Салоҳдек футболчи борки, бу Миср термасининг кучи ва имкониятларини бир ҳисса оширади. Мазкур ўйиннинг натижасини олдиндан айтиш мумкин, имкониятлар эса 60:40, Уругвай фойдасига.
Иккинчи ўйин Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади. Эрон ҳамда Марокаш тўқнашуви ҳам кўпчиликни бефарқ қолдирмаслиги тайин. Осиё ҳамда Африка етакчилари ўртасидаги баҳсда имкониятлар 50-50.
Ва ниҳоят бугуннинг марказий ўйини — Португалия ва Испания. Клуб сафида елкадош бўлиб ўйнаган Роналду ва Рамос бугун рақибга айланишади. Умуман, бугун португалиялик футболчи кўплаб клубдошларига қарши майдонга тушади. Бу жуфтликда, барибир, Испаниянинг имконияти кўпроқ, чунки “қизил фурия” дарвоза, ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғИ борасида фахрланса арзийди. Фақат “Лопетеги можароси” салбий таъсир қилмаса бўлгани.
Португалия ҳам олдингига нисбатан кучайган. Таркибда Гедеш каби футболчилар пайдо бўлди. Умид қиламизки, бугун тенг кураш баҳсига айланамиз. Дарвоқе, мазкур ўйин Тошкент вақти билан 23:00 да бошланади.