Россия Ғарб босими остида иттифоқчилар устидан таъсирининг сусайишидан ташвишда

Financial Times газетаси 10 февралда сиздирилган ҳукумат ҳисоботига асосланиб хабар беришича, Россия расмийлари Ғарб санкциялари Россиянинг яқин қўшни давлатлар ва Глобал Жанубдаги мамлакатлар устидан иқтисодий таъсирини заифлаштирмоқда деб хавотирланмоқда.
Хабарларга кўра, Москва ўзини АҚШ, Европа Иттифоқи ва Хитойнинг иқтисодий таъсири билан рақобатлаша оладиган Евроосиё савдо блокининг марказига жойлаштириш орқали ўз мавқеини ва жаҳон савдосига киришини тиклашга уринмоқда.
Ушбу хабар Ғарб санкцияларининг Россияга таъсирини ва Украинага қарши деярли уч йиллик кенг кўламли уруш билан боғлиқ иқтисодий қийинчиликларнинг кучайиб бораётганини таъкидлайди.
Нашр хабар қилишича, режалаштирилган ташаббус Россияни хом ашё, молиявий ва транспорт алоқаларига умумий кириш, ягона иқтисодий сиёсат, шу жумладан, алоҳида санкциялар тизими орқали Глобал Жануб билан боғлашни мақсад қилган.
Хабар қилинишича, Россия бу лойиҳани Украинадаги уруш бўйича музокараларнинг натижасидан қатъи назар давом этадиган узоқ муддатли стратегия сифатида кўрмоқда.
Ҳисоботда жиддий тўсиқлар мавжудлиги тан олинади. Ғарб томонидан кўрсатилган босим Москванинг қўшни давлатлар билан интегратсиялашиш ҳаракатларига тўсқинлик қилди, чунки Марказий Осиё мамлакатлари Россияни четлаб ўтадиган глобал бозорларга мослашишга интилди.
Ҳисоботда, шунингдек, Ғарб ҳукуматлари санкцияларга риоя этилишини таъминлаш учун таҳдид ва рағбатлантиришлар уйғунлигидан фойдалангани қайд этилган.
Россиянинг иттифоқчилари вазиятдан фойдаланиб, рус бизнесини ўз ҳудудларидан сиқиб чиқарди, савдо оқимларини назоратга олди ва санкцияларни бузиш хавфини қоплаш учун қўшимча тўловлар талаб қила бошлади.
Беларус Москва учун муваффақият намунаси сифатида тилга олинса, Қозоғистон Россиянинг Украинадаги ҳудудий даъволарини тан олишдан бош тортиб ва Ғарб санкцияларига риоя этганини намойиш қилиб, ўзини четга тортди. Қирғизистон эса, аксинча, санкциялардан қочишнинг асосий йўлига айланди.