Россия фуқароси Ўзбекистонга тўппончалар олиб ўтмоқчи бўлди

Россия фуқароси Ўзбекистонга тўппончалар олиб ўтмоқчи бўлди

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довут-ота” чегара божхона пости ходимлари томонидан “Фея” лақабли хизмат ити ёрдамида Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига кириб келган “CADILLAC” русумли автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилди. Унда Россия фуқаросига тегишли бўлган, божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларацияси тақдим қилинмаган 1 дона газли тўппонча, 9 дона тўппончанинг газ баллонлари, 1050 дона “Выстрел калибр 4,5 мм” номли дроблар ва 2 дона газли тўппонча учун кабураларни ўз эҳтиёжи учун олиб келаётгани аниқланди.

Шунингдек, яна бир худди шундай ҳолат аниқланди: “Довут-ота” чегара божхона пости орқали Россия Федерациясидан мамлакатимизга кириб келган “FORD” русумли автотранспорт воситасида юртимизда фаолият юритаётган МЧЖларнинг бирининг номига олиб келинаётган халқаро курьерлик жўнатмалари божхона кўздан кечирувидан ўтказилди.

Натижада эса, кузатув ҳужжатларида ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, тегишли рухсатномаларга эга бўлмаган оқ рангли полиэтилен қоп ичида аввал фойдаланилган 1 дона қора рангли “4,5 мм (ВВ CAL)” ёзувли пневматик тўппонча борлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчилик талабларига кўра, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзитини амалга ошириш Ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларига кўра амалга оширилади.

Пневматик, сигнал берувчи, улоқтириш қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларисиз реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш — қуролни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!