Рамзон Қодировга яна бир унвон берилиши мумкин

Рамзон Қодировга яна бир унвон берилиши мумкин

Россия таркибига кирувчи Чеченистон парламенти ўз конституциясига ўзгартириш киритиш ва минтақа раҳбари Рамзон Қодиров лавозимига «Мекхан Да» унвонини қўшишни таклиф қилди.

Қонун лойиҳасига кўра, депутатлар ҳудуд раҳбарининг ваколатларини кўрсатувчи 63-моддага ўзгартириш киритмоқчи. «Биринчи хатбоши «Чеченистон Республикаси раҳбари» деган сўзлардан кейин «Мехкан Да» деган сўзлар билан тўлдирилсин», дейилади ҳужжатда. Бу ибора сўзма-сўз «ўлка отаси» деб таржима қилинади, бироқ «халқ отаси» маъносида қўлланади.

Қонун лойиҳаси ташаббускорлари 20 нафар депутат, жумладан, республика парламенти раиси Магомед Даудов бўлган.

Яқинда Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов «Миллий лидер» унвонини олган эди. Шунингдек, унинг «Арқадағ» (Орқатоғ, ҳомий) унвони ҳам бор.

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев «Елбаси» (Элбоши) унвонини олган, аммо кейинчалик ундан маҳрум қилинган эди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон «Пешвои миллат» (Миллат етакчиси) унвонига эга.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!