Қўпол қонунбузилишига йўл қўйган 2 минг 686 нафар шахс интизомий жазо олди
8 минг 93 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Адлия вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди
Адлия вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда адлия органлари ва муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.
Мажлисда 2024 йил 9 ойлигида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда норма ижодкорлиги, ҳуқуқий ва давлат хизматлари кўрсатиш, мурожаатлар билан ишлаш, очиқлик сиёсати ва бошқа соҳалар кесимида таҳлилий маълумотлар келтирилди.
Хусусан, 1 минг 569 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Ташаббус билан 187 лойиҳа ишлаб чиқилди. Жойларда 420 мингдан зиёд ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Келиб тушган 123 мингдан зиёд мурожаатдан 78 фоизи қонуний ҳал этилиб, фуқаро ва тадбиркорлар манфаатида киритилган таъсир чоралари натижасида пул маблағи ундириб берилди.
Давлат органларининг 44 мингдан зиёд ноқонуний ҳужжати бекор қилинди. Қўпол қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган 2 минг 686 нафар шахс интизомий ҳамда 8 минг 93 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 8,4 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди. Хизмат кўрсатиш жараёни ва босқичлари соддалаштирилиши натижасида ўртача хизмат кўрсатиш вақти 5 дақиқани ташкил этмоқда.
Юридик хизмат марказлари томонидан давлат ташкилотларининг 6,3 миллиондан зиёд ҳужжати лойиҳалари бўйича ҳуқуқий хулосалар берилди.
Шу билан бирга, соҳада айрим муаммолар мавжудлиги, жумладан, мурожаатлар билан ишлашда айрим раҳбарларнинг қатъиятсизлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда тизимли ёндашувнинг етишмаслиги каби камчиликлар мавжудлиги таъкидланиб, уларни бартараф қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.