Қозоғистон пойтахти "Нур-Султон"дан "Остона"га қайтадими?

Қозоғистон пойтахти "Нур-Султон"дан "Остона"га қайтадими?

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳри яқин келажакда аввалги номига қайтмайди. Бу ҳақда ҳукумат йиғилишида Қозоғистон бош вазири ўринбосари Ерали Туғжонов маълум қилди, деб ёзади Орда.кз.

Журналистлар ундан пойтахтни яна "Остона" деб номлаш ҳақида сўрашди, бироқ Туғжонов бунга асос йўқлигини айтди.

“Бунинг учун ҳали ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман. Яна айтаманки, ҳозирча ҳеч қандай асос йўқ”, — деди Туғжонов ҳукумат мажлисида.

Шунингдек, у пойтахт кунини нишонлаш санаси бошқа муддатга кўчирилганига ҳам изоҳ берди. Энди у биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг туғилган кунига тўғри келди.

“Биз бир кишининг туғилган кунини эмас, пойтахт кунини нишонлаяпмиз. Ҳар йили Нур-Султон шаҳрининг туғилган куни нишонланганидек, бундан кейин ҳам нишонланади. Биласизки, бизда кўплаб тадбирлар режалаштирилган. Улар режалаштирилганидек, 1 июлдан бошлаб ўтказилмоқда. 1 июлдан 8 июлгача бўлган барча тадбирлар Пойтахт куни доирасида ўтказилмоқда”, — деди Туғжонов.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 23 март куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри расман Нур-Султон деб ўзгартирилди. Бу ҳақдаги фармонни президент Қосим-Жомарт Тоқаев имзолади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!