Қарз олиб кейин уни инкор қилиш гуноҳми?

Қарз олиб кейин уни инкор қилиш гуноҳми?

Muslim.uz нашри «Қарз ва унга боғлиқ масалалар» китоби асосида қарз олиб кейин ундан тонган инсонларнинг ажр-у савоби ҳақида сўз юритилган мақолани чоп этди. Мақолада муҳтож вақтда қарз олиб кейин уни инкор қилишнинг гуноҳи ҳақида ривоятлар асосида намуналар келтирилган.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш каби ишлар киради.

Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Умуман, Аллоҳнинг айтганидан чиқиш, Унга маъсият қилиш ҳалокатга элтиши аниқ эканига шубҳа йўқ. Жумладан, ботил йўл билан мол ейиш ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Шунинг учун бундай жамиятларнинг аъзолари ҳам қарз эгаси тарафида бўлишлари, қарзни инкор қилаётган нобакорга қарши туришлари, қарз эгасига ўзининг ҳалол мулкини қайтариб олишида ёрдамчи бўлишлари лозим.

Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарсалар ҳам мавжуд.

Муовиянинг мавлоси Қосимдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким адо қилиш нияти билан қарз олса, уни адо қилишга қатъиятли бўлиб туриб, қарзни адо қилмасидан олдин ўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг талабгорини Ўз ҳузуридаги истаган нарса билан рози қилишга қодирдир. Вафот этганни ҳам мағфират қилади.

Ким адо қилмаслик нияти билан қарз олса ва ўша ҳолида, қарзини адо қилмай ўлиб қолса, унга «Сен фалончининг ҳақини сендан тўлиқ олиб бермаслигимизни гумон қилганмидинг?» дейилади. Унинг яхшиликларидан олиниб, қарз эгасининг яхшиликларига зиёда ўлароқ қўшилади. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, қарз эгасининг ёмонликларидан олинади ва қарздорнинг ёмонликларига қўшилади».

Байҳақий ривоят қилган.

Нияти бузуқнинг ҳоли шу бўлса, қарздан тониб ўтиб кетганнинг ҳоли қандай бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.

Аввало қарз олишгача бориб қолмаслик чорасини кўриш керак. Мабодо қарз олишга эҳтиёж тушганда ҳам, яхши ният билан «Аллоҳ таолонинг ёрдамида албатта қарзимни узаман», деган ниятни қилиб, уни амалга ошириш учун ғайрат қилиш лозим. Ана ўшанда Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлади, ишлар яхшиликка бурилади. Яхши ният ёр бўлади. Аммо киши ишни ёмон ният билан бошласа, ёмон нияти ўзининг бошига етади. Қарзини узмай ўтиб кетганидан кейин ҳам қутула олмайди. У дунёда Аллоҳ таолонинг Ўзи унинг жазосини беради.

Ўзбекистон ва жаҳон янгиликлари билан Telegram орқали танишинг!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!