Путиннинг курсдоши Олий суд раиси лавозимига тасдиқланди

Путиннинг курсдоши Олий суд раиси лавозимига тасдиқланди

Россия Федерация кенгаши Ирина Подносовани Олий суд раиси лавозимига тасдиқлади. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.

Қарор палатанинг ялпи мажлисида бир овоздан қабул қилинган: 167 нафар сенаторнинг бари Подносова номзодини ёқлаган.

Ирина Подносова номзоди конституция ва Россия Олий суди раиси лавозимига судьялар мақоми тўғрисидаги қонунда белгиланган талабларга жавоб беради, — дейилади хабарда.

Подносова Россиянинг замонавий тарихида тайинланган Олий суднинг иккинчи раиси бўлди. Илгари бу лавозимни 1991 йилдан бери Вячеслав Лебедев эгаллаган. У 2024 йилнинг 23 февралида вафот этган. Ледебевнинг ўлимидан сўнг, Пётр Серков унинг вазифасини бажарувчи бўлган.

“Адвокацкая газета” ёзганидай, Подносова бу лавозимга жуда тез тайинланган, жумладан, бутун жараён бор-йўғи бир ҳафта давом этган, бу эса суд тизимига хос эмас.

“Коммерсант” ўз навбатида, Подносова илгари арбитраж тизимига ҳеч қандай алоқаси бўлмаганига қарамай, суд тизимидаги нуфузли шахс саналишини ёзган.

Сабаби унинг ортида ким тургани ҳаммага маълум, — дейди аноним манба.

Ирина Подносова 1953 йилда Псковда туғилган, 1975 йилда Ленинград давлат университетининг ҳуқуқ факультетини тамомлаган. Бу вақтда Россия президенти Владимир Путин Ленинград давлат университетининг юридик факультетини тамомлаган.

  • Подносова касбий фаолиятини Ленинград вилояти ижроия қўмитасида адвокат сифатида бошлаган, кейинроқ Саратов вилоятига кўчиб ўтган ва у ерда ҳам адвокат бўлиб ишлаган. 1990 йилда Ленинград вилоятига қайтиб келган, 13 йилдан кейин Луга шаҳар суди раиси лавозимини эгаллаган.
  • 2013 йилда Ленинград вилоят суди раисининг ўринбосари бўлиб, 2017 йилда эса уни бошқарган. 2018 йилда Подносова Умумий юрисдикциянинг иккинчи апелляция суди раиси этиб тайинланган. Икки йил ўтгач, у раис ўринбосари — Олий судда иқтисодий низолар бўйича суд ҳайъати раиси бўлган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!