Президент тиббиёт соҳасида янги тизим жорий этилишини маълум қилди
“Бугун одамларнинг ҳаётга муносабати ҳам, талаб ва эҳтиёжлари, дунёқараши ҳам тубдан ўзгарди. Бу, бошқа соҳалар қатори, тиббиётда ҳам сифатни ошириш, замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича олдимизга янги вазифаларни қўймоқда.
Шу боис, ноябрь-декабрь ойларида қатъий тайёргарлик кўриб, январдан тиббиётда халқнинг баҳосини эшитадиган тизимни жорий қиламиз”, — деди давлатимиз раҳбари.
Энди 26 та марказ директорлари, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирлари бир ойлик аниқ режа асосида ишлашга ўтади.
Ушбу раҳбарлар телевидение ва ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, зиммасига олган вазифаларни, қайси касалликлар кўп учраётгани ва уларни қандай камайтиришни аҳолига эълон қилиб боради.
Шунингдек, одамларга мурожаат қилиб, соғлигига эътибор қилиш, тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликнинг аҳамиятини тушунтиради.
Марказ раҳбарлари ўз соҳасида энг оғир туман ва маҳаллага боради. Бир ой давомида қолиб, касалликларнинг сабабларини ўрганиб, уларга ечим беради, оилавий поликлиника ва туман шифохоналари шифокорларини касалликни даволаш бўйича ўқитади.
