Пахта ва ғалладан бўшаган ерларга нима экилиши маълум бўлди

Пахта ва ғалладан бўшаган ерларга нима экилиши маълум бўлди

Ўзбекистонда лимон етиштириш ривожлантирилади. Бунинг учун пахта ва ғалладан бўшаган ерлар лимон учун ажратилади.

Бу борада «Лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан «Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар» уюшмаси номи «Цитрус, субтропик ва тропик ўсимлик етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар» уюшмаси деб ўзгартирилди.

Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида давлат-ҳусусий шериклик шартлари асосида МЧЖ шаклида Цитрус, субтропик ва тропик ўсимликлар илмий-амалий маркази ташкил этилди.

Қарорга кўра, лимонзорлар пахта ва ғалладан бўшаган ҳамда фойдаланишга киритиладиган ер майдонларида ресурс тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда барпо этилади.

Янги лимонзорлар «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида ажратиладиган, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан барпо этилади.

2020 йил 1 мартдан бошлаб кооперацияларга бирлашган лимон етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва тадбиркорлик субъектларига:

янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг ҳар бир гектари учун 30 млн сўмдан ошмайдиган миқдори Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан;

лимон меваларининг экспорти билан боғлиқ транспорт харажатларининг 25 фоизигача бўлган миқдори Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан субсидия сифатида қоплаб берилади.

Қарор билан шунингдек ишга тушадиган лимончилик йўналишидаги лойиҳаларнинг манзилли рўйхати ва лимон етиштиришга ихтисослаштириладиган ҳудудлар рўйхати тасдиқланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!