Пашинян Қорабоғни унутишга чақирди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян “Қорабоғ масаласи”ни илгари суриш, айниқса, Арманистон давлатчилиги ва мустақиллигига фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши ҳақида огоҳлантирди.
Унинг сўзларига кўра, чўзилган “Қорабоғ ҳаракати” ташқи кучлар томонидан Арманистонни заифлаштириш ва беқарорлаштириш учун фойдаланиладиган воситага айланди.
"Биз буни жуда кеч англадик", деди у парламентда. " Баъзи хорижий ўйинчилар учун Қорабоғ муаммоси Арманистонни қўллаб-қувватлаш эмас, балки бизнинг тараққиётимизга тўсқинлик қилиш ва охир-оқибат давлатчилигимизни йўқ қилиш усули эди ".
Шу ҳафта бошида Пашинян Озарбайжонга таклиф билан чиқди: бир вақтнинг ўзида тинчлик битимини имзолаш ва 1991-йилда Франция, Россия ва АҚШ иштирокида тузилган халқаро формат – ЕХҲТ Минск гуруҳини расман тарқатиб юбориш. Бош вазирнинг сўзларига кўра, формат узоқ вақтдан бери самарасиз деб ҳисобланган.
“Келинглар, тинчлик келишуви ва Минск гуруҳи тузилмаларини тарқатиб юбориш бўйича қўшма баёнотни столга қўйиб, уларни бир жойда ва бир вақтнинг ўзида имзолаймиз”, деди сиёсатчи.
У Арманистон урушни эмас, тинчликни хоҳлашини таъкидлади. "Уруш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Уруш бўлмайди. Тинчлик бўлади".
Озарбайжон, ўз навбатида, Еревандан биринчи навбатда Конституцияни ўзгартиришни - Қорабоғга ҳудудий даъво сифатида талқин қилиниши мумкин бўлган иборани олиб ташлашни талаб қилмоқда. Пашинян бунинг учун референдум ўтказиш зарурлигини, бу фақат 2027-йилда бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Шунга қарамай, Бош вазир Арманистон Конституциясидаги баҳсли фикрларни ҳисобга олмаган ҳолда зудлик билан тинчлик шартномасини имзолашни талаб қилмоқда. Озарбайжон унинг ташаббусига ҳали расман жавоб бермади.
Пашинян, шунингдек, чегарадаги воқеаларни, жумладан, ўт очишни тўхтатиш режимининг бузилишини текшириш учун Арманистон-Озарбайжон қўшма механизмини яратишни таклиф қилди. Бироқ икки давлат ўртасидаги зиддият асосан Ереваннинг провокациялари туфайли сақланиб қолмоқда. Тинчлик шартномаси матни 13-март куни келишилганидан бери сулҳнинг 26 марта бузилиши қайд этилган. Таққослаш учун, бундан олдин беш ой ичида атиги учта воқеа содир бўлган.