Отинойилар керак эмасми?
Олдинги иш жойим — “Мовароуннаҳр” нашриёти Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти билан ёнма-ён бўлгани учун, маъҳад қизлари бизга мақолалар бериб туришарди. Шу ва турли тадбирлар баҳонасида уларнинг кўпчилиги билан анча яқин бўлиб кетгандим. Кейин ҳам бир-биримиздан хабарлашиб турардик. “Қаерда ишлаяпсиз?” деган саволимга кўпчилигидан “Ўқув марказида араб тилидан дарс беряпман” ёки “Уйдаман”, сингари жавобларни эшитардим. Уларнинг билими, одоб-ахлоқи, ҳаёт тарзи билан шахсан таниш бўлганим учун “Нега шундай яхши кадрларга муносиб жой йўқ?” деб ўйлардим. Бугун шу ва шу каби ўйларимизни институтнинг талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчиси Зилола Суярова билан бирга ўртоқлашдик.
– Бу мавзу мени ҳам қачонлардан бери ўйлантиради, – гап бошлади Зилола опа. – Маъҳадни битирганларни ишга жойлаштириш жуда катта муаммо. Айниқса, қизларимизнинг диний либосдалиги муаммони янада катталаштиради. Бўлмаса, ҳамма корхона, ташкилот динни яхши биладиган ходимга, яъни, тоза исломшуносга муҳтож. Хусусан, отинойилар ичида яхши мутахассиснинг етишмаслиги кўп баҳсларга сабаб бўлмоқда. Чунки улар орасида исломшунос бўлгани бармоқ билан санарли. Ваҳоланки, отинойилар қайта-қайта аттестациядан ўтишади. Лекин аттестацияга хос саволларга жавобларни ёдлашади. Бу эса, яъни маълум нарсаларнигина билиши отинойининг савиясини белгилаб бермайди. Қуръонни, тажвидни, ақидани, фиқҳни, ислом тарихини пухта билмаса, билганларини ҳаётга татбиқ қилиш кўникмаси бўлмаса, аёллар жамоасини йиғиб нималар ҳақида маъруза қилади? Яна ўша қиссаларни такрорлайди. “Пайғамбарим”, “Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар”, “Пайғамбар алайҳиссаломдан сўрашди”, деб туриб ёлғон хабарларни айтиб юбораверади. Лекин бу ўринда фақат отинойиларни айблолмайман. Сабаби, уларга илм ўргатадиган даргоҳларимиз кам.
– Тўғри, ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган отинойилар ҳақида яхши гаплар кўп, бироқ танқидлар ҳам йўқ эмас.
– Чунки кўпчилик отинларимиз турли соҳаларда ишлаб, чарчаган. Улардан кўп нарса кутиб бўлмайди. Буни нега ишонч билан айтяпман? Аксариятини таниганим, мулоқотда бўлганим, яқиндан билганим учун. Бугунги аёллар жамоасининг эса диндан анча-мунча хабари бор. Очиғини айтганда, ҳозирги глобаллашув жараёнларида, турли хил ахборот хуружлари таҳдид солиб турган бир пайтда хотин-қизларимизни эртак ва ривоятлар билан тарбиялаб бўлмайди. Лекин агар отинойи ҳаётий тажрибага эга, исломшунос бўлса-чи? Ёлғиз қолганда ҳам, одамлар орасида ҳам бу дин унга омонат эканини тушуниб иш қилади. Жамоатга кирганида нимадир етказайин, ажримни Аллоҳ беради, дейди. Тугун-терсакка кўз тикмайди. Қўлига пул тиқиштирилса, “Менга пул берманг, фақат айтганимни қилинг, бугун сийратдан икки саҳифа ўқинг, битта ҳадис ёдланг, куним қандай ўтди деб ўзингизни имтиҳондан ўтказинг”, дейди.
– Бир мавлидга борганимизда отинойи яхши гаплар гапирди, чиройли дуолар қилди. Тадбир охирлаганда, аёллар пул кўтариб у томон юра бошлашди. “Ўғлимни дуо қилинг, уйлантирволай”, “Қизимни дуо қилинг, фарзандли бўлсин”, “Хўжайинимни дуо қилинг, тузалиб кетсинлар...” “Пулингиз керак эмас, шундоқ ҳам дуо қиламан”, деди. Йўқ, қўймай узатаверишди. “Майли, китоб оларман бу пулларга”, деди отинойи...
– Демаслик керак эди. “Роббана, атина...” дуосини ўқиб, мана шу дуонинг ичида ҳаммаси жамланган, деб қатъий мисол билан бу ишни тўхтатиши керак эди. Бунақа ишлар кўп бўлади. Давралардан бирида менга ҳам пул узатишди. Ёнимдаги таниш аёл узатганга “шафоатчи” бўлди: “Олинг, Зилолажон, дили кетди-да, кўнглидан чиқариб беряпти, ихлос қиляпти...” деди. “Чўнтагидан чиқяпти-ку, – дедим. – Жуда бергингиз келса, муҳтожлар бор, ўшаларга улашинг. Бугун айтганларимга амал қилсангиз, ҳамма жойда дуо қиламан”.
Сиз билан менинг вақтим йўқ, кўп ҳам боролмаймизу, аксарият уйда ўтирадиган аёлларимизнинг вақти мавлид маросимларида ўтади. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом қаерда туғилганларини сўрасангиз, “Маккаи Мадинада” дейишади. “Қайси бирида?” десангиз, “Ие, иккови иккита шаҳарми?” дейдиганлар ҳам бор. Улар борадиган мавлидларни отинойилар ўтказишини ҳисобга олсак, нима демоқчилигим аён бўлади. Энди яхши исломшунос нима қилади? Мавлид маросимини сийрат тадбирига айлантиради. Пайғамбар алайҳиссаломга мўъжиза қилиб берилган 63 йиллик умрлари давомида жамиятда бўладиган ютуғу камчиликлардан нима четда қолди? Бир одамнинг ҳаёти давомида бошидан кечирадиган нимаики бўлса, у зотнинг муборак ҳаёт вақтларида бўлиб ўтди. Ҳақиқий мутахассис-отинойи шулардан гапиради. Овқат кетидан овқат ташиётган келинларни ҳам дастурхон бошига, маъруза эшитишга чорлайди. Кўнгилларга ёруғлик беради, дилларда умид уйғотади. Нокамтарликка йўйсангиз ҳам айтай, булар ўзимнинг тажрибаларимдан. Кўпинча ярим соатга деб бораман, суҳбатларимиз тўрт соатлаб чўзилади.
– Шу ўринда бир савол, институтнинг талаба қизлари ҳам шундай бўлишига кўзингиз етадими?
– Иншааллоҳ, шундай бўлишади. Фақат буларни синдириб ташламаслик, кўкрагидан итармаслик керак. Мисол келтираман. Бир курсдошим бўларди, бугун туман отинойиси. Ўша қиз жуда истеъдодли, қория қиз эди. Бир отинойига ёрдамчи қилмоқчи бўлдик. Илтимос қилдик, ёнингизда юради, иш ўрганади, ҳисоботларингизга қарашади дедик. Таниқли устозлар ўртага тушди ҳамки, ёнига йўлатмади. Ўша пайтдаги қўрқув билан “йўқ-йўқ, менга ёрдамчи керакмас”, дегани кўз олдимдан кетмайди.
– Ҳозир аҳвол қандай? Билишимча, ҳар йили ўнта–ўн иккита аёл-қизлар институтни битираркан... уларнинг тақдири нима бўлади?
– Иккита ёки биттаси магистратурага киради, иккитаси мадрасага боради, яна иккитаси уй, бола-чақа билан машғул бўлиб кетса, қолгани эри билан чет элга чиқиб кетишга мажбур. Лекин 2019 йилда еттита қизимиз маъҳад ва мадрасаларга жойлашишди. Бу – катта кўрсаткич. Лекин барибир қамров жуда тор.
– Талаба қизларда бир кайфиятни кўп кузатаман, ўзлари ҳам ишлашни хоҳламаётгандек кўринишади ё адашяпманми?
– Хоҳлайди, нега хоҳламасин? Боя айтганимдек, синдирилган булар... Яна бир нарсани айтай, уларни уйғотолмаётган, жамиятга жалб қилолмаётган бўлсак, биз устозларда ҳам айб бор. “Аёл уйида ўтириб, эрига хизмат қилиши, бола тарбиялаши керак, нима қилади одамларнинг ичига аралашиб юриб, фитнага солиб?” деган гапларни онгига қуймаслигимиз, “Сенда жамиятдаги одамларнинг ҳам ҳаққи бор, уларга динни етказишга масъулсан”, деб уқтиришимиз керак. Бу ерда тўрт йил ўқишнинг ўзи бўладими? Юзлаб талабгорлар орасидан насибаси қўшилиб, ўқишга киришнинг ўзи бўладими?
Бу гаплар қизларимизни ҳавас билан келин қилиб туширганлар, тушираётганлар, уй-рўзғор ишларига кўмиб ташлаб, илмини унутишига сабаб бўлаётганларга ҳам тегишли. Шундоқ ҳам қайноналарга: “Келинингизга фақат ишчи кучи, бола тарбиячиси деб қараманг, булар жамиятга ҳам керакли одамлар.
Қўйиб берсангиз, ҳаммасини уддалашади. Агар шу қиз қўлингизга тушиб, сувга чўккан тошдек йўқолиб кетса, жавобгар бўласиз”, деб уқтираман. Бу каби насиҳатларни эркак устозларимиз куёв бўлмиш йигитларгаям айтишларини хоҳлардим.
Менга қолса, қизларимиз учун мактабгача таълим муассасаларида, мактабларда иш ўрни очилишини, болалар боғчаларига Ислом одоби, мактабларга Ислом таълимоти фанлари киритилишини, ва энг асосийси, бу фанлардан ҳақиқий мутахассис исломшунослар дарс беришини хоҳлардим. Нафақага чиқиб, чарчаган педагогга “Сиз ўтақолинг, эплайсиз, тажрибангиз бор, ўша ўзимиз билган одоб ҳақидаги гаплар-да”, дейилса, уям жон дейди. Кейин, “ўша ўзимиз билган одоб ҳақидаги гаплар”дан нарига ўтмайди, ўтолмайди. Лекин исломшунос бўлса-чи? “Дин нима, қандай келди, нега келди, ҳалол нима, харом нима, оқибат нима, охират нима, бировнинг ҳақи нима?.....” кабилардан бошлайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётларига боғлаб ўргатади ҳар бир нарсани. Чунки бу ҳаётнинг ичида ҳамма нарса бор: одоб-ахлоқ, спорт, шахсий гигиена... Зар қадрини заргар билгандек, бу ишнинг асл ҳикматини ҳам олим, илмига амал қиладиган исломшунос билади. Шундай экан, бу каби ишларга институтимизни қўйинг, мадрасани битирган қизларни жалб қилиш ҳам хато бўлмайди.
Шу пайт хонага бир муддат биз билан газета таҳририятида бирга ишлаган Гулруҳ (ҳозирда институт талабаси) кириб қолди. Суҳбатни уч киши бўлиб давом эттирдик. У ҳам маҳалла қўмитасига иш сўраб борганида бўлган гапларни афсусланиб айтиб берди. Энди бу ёғи яна алоҳида мавзу. Балки кейинроқ унинг мулоҳазаларини ҳам ёритарман. Лекин бу мақолага шу жойда нуқта қўйишни лозим топдим.
Manba: azon. uz
