Оқбўйра аҳоли пунктига яқин ҳудудда кон портлатиш ишлари бўйича депутатлик сўрови юборилди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, Самарқанд туманидаги "Оқбўйра" туризм қишлоғида жорий йилнинг 15 апрель куни амалга оширилган тоғ-портлатиш ишлари оқибатида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган, аҳоли яшаш уйларига зарар етган.
Хусусан, хонадонларнинг том қисмига тошлар келиб тушиб, деворларда ёриқлар ҳосил бўлган, эшик-ром ва ойналар шикастланган. Ачинарлиси эса аҳолининг катта қисми портлатиш ишларидан олдин расмий равишда огоҳлантирилмаган. Афсуски, бу муаммо бугун пайдо бўлгани йўқ, олдинги йилларда ҳам конь портлатиш ишлари тегишли техник талаб ва қоидаларга риоя этилмаган ҳолда амалга оширилганлиги аҳоли томонидан бир неча бор айтиб келинган. Бу эса муаммо тизимли эканлигини кўрсатади.
Ҳолат юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Ботирали Шодиев томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исламовга депутатлик сўрови юборилди.
Депутатлик сўровида назорат ишларини кучайтириш, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан аниқ саволлар қўйилган.
Хусусан, - кон портлатиш ишларида хавфсизликни таъминлаш устидан қандай назорат ишлари амалга оширилганлиги юзасидан;
- портлатиш ишлари қоидалари ва техник регламент талабларига риоя этилганлик ҳолати бўйича;
- фуқаролар мол-мулкига етказилган зарарни аниқлаш ҳамда уни қоплаб бериш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида;
- мазкур манзилдаги конь портлатиш ишларини қонунчиликка мувофиқ тўхтатиш масаласи юзасидан;
- келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш, конь портлатиш технологиясини янада такомиллаштириш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилаётганлиги ҳақида асослантирилган маълумот бериш сўралган.
