Инсоният йирик иқлим фалокати хавфи остида
Инсоният йирик иқлим фалокати хавфи остида – WP.
Нашрнинг ёзишича, олимлар бундан 150 йил аввал ўн миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган янги "Эл Нино" циклини кутишмоқда.
"Эл Нино" — бу Тинч океани тропик зонасининг шарқий-марказий қисмида океан сувларининг илиши бўлиб, у ҳар бир неча йилда содир бўлади. Бу йил у ерда океан ҳарорати ўртача кўрсаткичдан 3 даражага кўтарилиши ва рекордларни янгилаши мумкин.
The Washington Post'нинг эслатишича, бундан қарийб 150 йил муқаддам иқлим ўзгаришлари ҳосилни йўқ қилган. Бу эса шунга ўхшаш зарба яна глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинми, деган саволни юзага келтиради.
Олимлар кузатувидаги энг кучли "Эл Нино" ҳодисаси (1877–1878 йиллар) Ҳиндистон, Хитой, Бразилия ва бошқа мамлакатларда 50 миллиондан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган глобал очликка замин яратган эди. Бу ўша пайтдаги сайёра аҳолисининг 3–4 фоизини ташкил этган. Агар бу ҳолат бугун юз берса, камида 250 миллион кишининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.
Бугун ҳам шунга ўхшаш оқибатлар такрорланиши мумкинми? Вашингтон давлат университети доценти Дипти Сингх буни эҳтимолдан холи эмас деб ҳисоблайди.
"1870-йиллардаги каби бир вақтнинг ўзида содир бўладиган кўп йиллик қурғоқчиликлар такрорланиши мумкин. Ҳозир вазият шундайки, атмосферамиз ва океанларимиз 1870-йилларга қараганда анча иссиқроқ, демак, улар билан боғлиқ экстремал ҳодисалар янада кучлироқ бўлиши мумкин", — дейди Сингх.
"Ушбу супер "Эл Нино" билан боғлиқ қурғоқчилик хавфининг ортиши кўплаб минтақаларда озиқ-овқат, сув ва иқтисодий хавфсизликни хавф остига қўяди, бу эса ўзаро боғлиқ ижтимоий-иқтисодий тизимлар учун глобал оқибатларга олиб келиши мумкин", — дея қўшимча қилди у.
